samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Scorpion — халқаро жиноий тўда

Чоп этиш

Оилавий муносабатлардаги оддий камчиликлар сабаб жамият таназзулига олиб келувчи муаммолар вужудга келади. "Scorpion" фильмидаги Scorpion — хал¬қаро жиноий тўда ҳам айни шу сабаб пайдо бўлган гуруҳлардан бири.

 Ёшлар марказида "Scorpion" фильми тақдимоти ўтказилди. Дастлаб, кинофильм ижодкорлари иштирокида ўтказилган тадбирда фильм режиссёри Мухлиса Азизова, Акбархўжа Расулов ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси Ойбек Абдушукуровлар кинофильм ҳақида батафсил маълумот беришди.

— Жойларда ўтказилаётган тадбирларда асосий эътибор фильмнинг номланишига қаратилмоқда, — дейди Ойбек Абдушукуров. — Биз фильмни нафақат маҳаллий, балки хорижлик киномухлисларга ҳам етказишни мақсад қилганмиз. Шу боис "Scorpion" номига тўхталдик. Воқеалар жараёни унинг номини ҳам томошабинга шарҳлаб боради. Бугунги кунда долзарб муаммога айланиб бораётган оилавий муносабатлардаги хато-камчиликлар охири қандай аянчли ҳолатларни юзага чиқаришини ушбу фильм орқали очиб беришга ҳаракат қилдик.

Фильмни томоша қилган мухлис бир қарашда хориж фильмларидаги саҳналар такрорига дуч келади. Ўгай ака-укалар қисмати. Ўзаро тушунмовчилик, вақт ўтиб бири тўғри, бири эгри йўлни танлайди. Ҳаёт чарх­палаги уларни қарама-қарши қўяди. Бир қарашда ҳаммаси жуда оддий. Аммо воқеалар ривожи, муаммонинг илдизи, қаҳрамонларнинг аянчли тақдири бугунги кунда ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг мағзини чақиб беради. Гарчанд воқеалар ривожи ҳаётийликка унчалик мос келмаса-да томошабинда фикр уйғота олади. Аслида кинофильмларнинг мақсад-муддаоси ҳам жамиятдаги қусурларни бартараф этишга қаратилади. Шу боис, "Scorpion"ни бугунги ёш киноижодкорларнинг яна бир ютуғи, дейиш мумкин. Албатта, фильмни кўрган ҳар бир мухлис ўз баҳосини беради. Мухлислар фикри кино ҳақидаги энг холис баҳо, назаримизда.

 

Муаллиф: А. ИСМОИЛЗОДА

8.02.2019 78 6 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства