samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Cайёҳларга чойхона керак

Чоп этиш

Самарқанд — асрлар мобайнида минглаб-миллионлаб нигоҳларни ўзига қаратган қутлуғ маскан. Бу диёрга сон-саноқсиз ихлосмандларнинг ишқи тушганлиги сир эмас.

Не бахтки, бугун — мустақиллик шабадасидан кўкрагимизни тўлдириб нафас олаётган кезларимизда қадим кент ҳам ўзгача нафас олмоқда. Юртбошимизнинг маҳаллий сайёҳлик тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги кўрсатмаю таклифларининг мазмун-моҳияти, аввало, Самар­қандга қаратилгани биз, самарқандликлар учун фахр-ифтихор ва катта масъулиятдир. Негаки, ҳали ички туризмни ривожлантириш у ёқда турсин, кунлик келиб-кетувчиларни қабул қилиш (кузатиш эмас!) имкониятига тўлиқ эга эмасмиз.

Меҳмонхоналар жуда кам

Ортда қолган Наврўз тантаналари муносабати билан Самарқандни "меҳмон босди". Очиғи, ҳозир фаолият юритаётган меҳмонхоналар сиғими 5 минг кишидан ошмайди. Ҳамюрт зиёратчиларимизга 3-4 "юлдузлик" меҳмонхоналар шарт эмас. Фақат бир-икки кунлик оддий талабларга жавоб берадиган қўналға керак, холос. Афсуски, бу даврда уларнинг нархи ҳам "юлдуз"га чиқади. Бу муаммо фақат ётоқхона билан боғлиқ бўлса: "Ҳе, гўрга!" — деб қўярдик. Аммо инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга сиз ва биз мезбон сифатида қўл силтаб қўярмиз — таскин топармиз. Меҳмонлар-чи? Улар сиз ва биздан "қўл силтаб" кетса-чи?!

Очиғини айтганда, меҳмонларнинг қўл силташини қўл қовуштириб қабул қилишга мажбурмиз.

Трамвай, вай... вай!

Байрам муносабати билан шаҳримизда 44 йилдан сўнг қайта тикланган трамвай жамоат транспортининг иккинчи нав­бати — "Темир йўл вокзали — Сиёб деҳқон бозори" йўналиши ишга туширилди. Хизмат йўриқномаларида қайд этилишича, вокзалдан трамвайга ўтирган йўловчи охирги бекатгача узоғи билан ярим соатда етиб келиши керак.

Бироқ бу талаб бажариляптими? Йўқ! Чунки, ҳали пўлат излар техник талабларга тўлиқ жавоб бермайди: ўзаро туташ жойлари ҳамон очиқ. Чорраҳалар (айниқса, Даҳбед — Шоҳи Зинда, Бўстонсарой — Рудакий кўчалари кесишмалари)даги доимий тирбандлик ҳам ҳозирданоқ трамвай ҳаракатида муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. (Бу чорраҳаларда тиғиз вақтларда айрим транспорт воситалари трамвай йўлини беркитиб қўймоқда). Бундан ташқари, Шоҳи Зинда кўчасининг Даҳбед кўчасидан "Шодиёна" савдо мажмуасигача бўлган ҳар икки тарафидаги бинолар бузилмаганлиги сабабли трамвай ва автомобиллар ҳаракатида тиғизлик вужудга келмоқда. Ҳолбуки, кўчанинг ҳар икки тарафидаги бинолар ички тарафга 7 — 14 метр сурилиши белгиланган. Аммо ҳозир турар жойларни бузиш иқлимий талабларга кўра мувофиқ эмаслиги барчага маълум.

Шаҳримизга ташриф буюрадиган ички ва ташқи сайёҳларнинг асосий қисми темир йўл вокзали орқали кириб келади. Табиийки, уларни, айниқса, хорижликларни экологик тоза транспорт воситаси — трамвай ўзига жалб этади. Яна... табиийки, аксарият хорижликлар тарихий ёдгорликларга элтувчи "Темир йўл вокзали — Сиёб деҳқон бозори" йўналишидаги трамвайга чиқишади. Аммо трамвайимиз тошбақа юриш қилиб, чорраҳаларда тиқилиб қолса, ким деган одам бўламиз?

Самарқандга чойхона керакмасми?

Жорий йилнинг 22 март куни иш юзасидан шаҳарга тушгандим. Автомашиналар тирбандлигидан кўчаларда юриш нари турсин, атрофни "кўриб" ҳам бўлмайди. Бир амаллаб "Шоҳи Зинда" бошбекатига етиб келдим. Ҳар доим ҳувиллаб, шамол ўйнайдиган бекат майдони автомашиналарга тўлиб кетган. Ёндош очиқ жойлар, дўконлар атрофи, туташ кўчаларнинг икки тарафи ҳам банд. Турли русумдаги микроавтобусларнинг ичида ўриндиқларни ётқизган ҳолда давра қуриб, тамадди қилаётган маҳаллий сайёҳларга кўзингиз тушади.

— Чойхонадан жой тополмадик, — дейди ҳайдовчилардан бири. — Шунинг учун машинада овқатланяпмиз.

Шоҳи Зинда ва Сиёб деҳқон бозорида тамаддихона борми ўзи? Жаҳонга ҳозир фақат номи билан машҳур бўлган бозорда биттагина (!) чойхона бор, холос. Қаерда дерсиз? Сиз ва менинг боболарим "Қизил чойхона", деб атайдиган, аввал европача услубда қурилиб, бугун миллий кўрк берилган, ҳу-у ўртадаги баланд чойхона-да! Тўғри, бозор ичи ва атрофида ҳам "чойхона", деб аталмиш бир неча масканлар бор. Бироқ улар дўконлар орасида қолиб кетгани учун меҳмонлар у ёқда турсин, мезбонлар ҳам билишмайди.

Ҳазрати Хизр мажмуасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мақбараси қурилгач, бу маскан қайта чирой очиб, зиёратчиларни сиғдиролмай қолаётганлиги лоф эмас. Табиийки, чойхонага эҳтиёж бор. Бироқ янги бунёд этилган саноқли чойхоналар талабни тўлиқ қондирмайди. Бизнингча, Сиёб деҳқон бозори ва Ҳазрати Хизр мажмуасида янги миллий чойхона ва емакхоналар қурилиши зарур. Агар, "Эндигина қурилишлардан қутулгандик, яна..." дея зорланадиганлар топилса, яна бир таклифимиз бор: "Шодиёна" савдо марказининг учинчи қавати деярли бўш турибди. Юздан ортиқ дўкон жойлашган бинода ихчамгина чойхона очиш мумкин. Аминманки, бу чойхоналар дўконлардан кўра кўпроқ ўзини оқлайди ва... қоплайди.

Умуман, тан олайлик, Самарқандда унинг шони ва номига мос чойхона йўқ. Сайёҳлар оқими кундан-кунга ортаётган шу кезларда бу муаммони тезроқ ҳал этиш лозим.

Муаллиф: Қувондиқ МАЖИДИЙ

7.04.2018 308 26 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства