samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

45 минг аҳолига сифатли тиббий хизмат

Чоп этиш

4-оилавий поликлиника 25 та маҳаллада яшовчи 45 минг аҳолига бирламчи санитар-тиббий хизмат кўрсатади.

Муассасанинг янги биносини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов ва бошқалар мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда туб ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини таъкидлашди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг соҳага алоҳида эътибор қаратаётганлиги нафақат марказларда, балки чекка ҳудудларда ҳам тиббиётнинг жадал ривожланишини таъминлаётганлиги эътироф этилди.

Жумладан, жорий йилнинг ўзида "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастури асосида вилоятимизда жами 17 та замон талабларига мос даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди. Ушбу муассасаларнинг қурилиши, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиши ва жиҳозланиши учун давлат бюджетидан 12 млрд. сўм маблағ сарфланди. Айни жараёнда Инвестиция дас­тури асосида шаҳримизда 5 та даволаш-профилактика муассасалари қурилди ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. 4-оилавий поликлиника улардан биридир.

— Муассасамиз 1954 йилда катталар поликлиникаси сифатида иш бошлаган, — дейди поликлиника бош врачи Тўлқин Сувонов. — Эски биномизда зарурий тиббий хизмат учун етарли шароит йўқ эди. Унинг қуввати ҳам атиги 110 қатновга мўлжалланган эди. 45 минг аҳолига зарур тиббий хизмат учун бу жуда ҳам камлик қиларди. Янги бинода барча имкониятлар яратилди. Қуввати ҳам қарийб икки бараварга ошиб, кунига 200 қатнов амалга ошириш имконияти яратилди. Айни пайтда 3 та умумий амалиёт шифокорлар бўлими, "Аёллар маслаҳатхонаси", тор соҳа мутахассислари, функционал диагностика бўлимлари ҳамда лаборатория мавжуд. Бугунги кунда жами 180 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Шундан 34 нафари врач, 89 нафари ўрта тиббиёт ходими, 17 нафари кичик тиббий ходимлардир. Шунингдек, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасидан биркитилган тор соҳа мутахассислари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Муассасамиз аҳоли билан бирга ҳудуддаги 7 та мактабгача таълим муассасаси, 8 та умумтаълим мактаби жамоаси саломатлигидан хабар олиб туради.

"Маъруф сервис қурилиш" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишларига давлат бюджетидан 3 млрд. 610 миллион сўм маблағ сарфланди. Муассасани тиббий ускуналар билан таъминлаш ва жиҳозлаш учун 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада муассаса ЭКГ, ЭХО, УЗИ, Биокимёвий анализатор, Центрифуга, офтальмоскоп, Отоскоп, 2 та янги стоматологик жамланма каби зарур тиббий воситалар билан таъминланди.

Маросим давомида муассаса билан яқиндан танишган вилоят раҳбари поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун амалга оширилиши зарур бўлган кўрсатмаларни берди. Жумладан, рентген аппаратини замонавийсига алмаштириш лозимлиги таъкидланди.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

27.12.2018 85 103 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства