samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

...КЎЛАНКАСИ МАЙДОН

Чоп этиш

Судланувчи Саидаҳмад Шопўлатовга тақдир тортиғи ҳар томондан ёғилди: ҳали ўз соҳасини чуқур эгалламасдан туриб, 26 ёшида нуфузли ташкилот — вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош¬қармаси бош ҳисобчиси этиб тайинланди.

Буни қарангки, шу вазифада оз эмас, кўп эмас — 26 йил меҳнат қилибди.

Ҳа, унинг бу борадаги фаолиятига сиртдан қараганда ҳавас қилиш мумкин. Бироқ бош ҳисобчи ўз фаолиятининг охирги даври, аниқроғи, 2014 — 2017 йилларда негадир "ўзгариб" қолди. Бу "ўзгаришлар" қу­йидагилардан иборат эди.

МОДДИЙ ЁРДАМ БИР ОЙДА ИККИ МАРТА БЕРИЛИШИ МУМКИНМИ?

Бош ҳисобчи Саидаҳмаднинг сахийлиги тутиб кетган шекилли, бошқармада турли лавозимларда ишлайдиган ходимларга бир ойда икки мартадан (!) моддий ёрдам тўлашни унутмаган. Келинг, фикримиз қуруқ бўлмасин: ходим Ш. Қўлдошевга 2016 йилнинг ноябрь ойида икки марта жами — 915 минг 874 сўм, 2017 йил январь ойида эса яна бир ходим З. Жаҳонгировга ҳам икки марта, жами — 903 минг 443 сўм миқдорида тўланган. Бундан ташқари, 2017 йилнинг 7 март куни меҳнат шартномаси бекор қилинган А. Турсуновга март ойи иш ҳақи тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниб, 240 минг сўмдан зиёд тўлов амалга оширилган. Худди шундай тўловлар З. Жаҳонгиров, Қ. Ҳайдаров сингари ходимларга ҳам берилганлиги сабабини фақат бош ҳисобчининг ўзи билса керак. Бундай мисоллар Саидаҳмад Шопўлатовнинг биз тилга олаётган даврдаги фаолиятида ягона "тушунмовчилик" эмас. Чунки текшириш ўтказилган 2014 — 2017 йилнинг июнь ойига қадар бўлган даврда яна бир қатор қинғирликларга қўл урилганки, бунинг учун кишида умуман виждон бўлмаслиги керак. Акс ҳолда юқоридаги асоссиз тўланган моддий ёрдам маблағлари ҳамда амалдаги интизомий чора кучда бўлишига қарамасдан, Б. Бадалов, А.Турсунов, М. Қорақулов каби 11 нафар интизомий чора олган ходимга мукофот пули ёзилармиди? Бунинг учун давлатнинг 9,5 миллион сўмдан ортиқ маблағи сарфлаб юборилган.

ИШЛАМАГАН... ТИШЛАЙДИ!

Судланувчи Саидаҳмад Шопўлатов ўз қинғир фаолиятини кенг қамровли ташкил этган кўринади. Буни қарангки, ушбу бошқармада ишламасдан ҳам иш ҳақи олиш мумкин экан. Бунга бош ҳисобчининг фаолиятидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бошқармада хўжалик ишлари бўлими мудири вазифасида ишлаб келган Т. Сариқов билан жиноий тил бириктириб, ишламаган ходимлар учун маош тўлаш "тизими"ни жорий этишди. Бу "тизим"га мувофиқ С. Сариқов (Т. Сариқовнинг ўғли)га бошқарма бошлиғи З. Жамоловнинг 2016 йил 1 февралдаги 11-сонли буйруғи билан маош тўлаш йўлга қўйилади. Ҳақиқатда эса С. Сариқов 2014 йилнинг ноябрь ойидан 2017 йилнинг май ойига қадар сантехник вазифасида ишламаган бўлса-да, у 16 миллион 300 минг сўмдан ортиқ, Н. Ўроқов деган шахс шу даврда қоғозда "ишлаганлиги" учун сал кам 10 миллион сўм маош олган. Бундан ташқари, Ғ. Ашуров 2016 йилнинг февраль ойидан 2017 йилнинг август ойига қадар ҳайдовчи вазифасида "ишлаган". Табиийки, ишлаган (аслида ишламаган) тишлайди, деган нақ­л­нинг тескари ижобати кўз олдингизда намоён бўлади: унга ҳам ҳотамтойлик қилиб 8,7 миллион сўмдан ортиқ "ҳадя" берилади. Бош ҳисобчининг "Ишламаган... тишлайди" операцияси анча вақтга қадар давом этди. Бундан кимлардир манфаатдор бўлганлиги сир эмас. Аслида номи нотаниш бўлган юқоридаги ходимлар бошқармада ишлаганми? Текширув-суриштирув мобайнида жамоада ишловчи ходимларга мурожаат этилганида уларнинг биронтаси ҳам юқоридаги шахсларни танимаслигини баён этишди. Демак, бу ерда қандайдир сир борга ўхшайди!

ЮРМАГАН МАШИНА ҚАНЧА ЁНИЛҒИ "САРФЛАЙДИ?"

"Саидаҳмад Шопўлатов ўзи хон — кўланкаси майдон қабилида иш тутиб, фаолиятида янгича "изланишлар" яратди. Буни қарангки, юқорида ишламаганлар иш ҳақи олишганлиги, интизомий чора қўлланилган ходимлар пул мукофоти билан сийланганлигини келтириб ўтгандик. Уддабурон ҳисобчи носоз автомашиналарни ҳам "сийлаб" тураркан. Бошқарма балансида бўлган 30 110 ТАА давлат рақамли "Lada-kalina" русумли автомашина узоқ муддат носоз ҳолда ётган бўлса-да, ушбу техника учун салкам 5 миллион сўмлик ёнилғи сарфланганлиги ҳақидаги сарф-харажат ҳужжатлари кишини ўйга толдиради. Наҳотки, "бемор" машинага шундай... ёрдам кўрсатиш мумкин. Ҳа, мумкин экан...

Бош ҳисобчи Саидаҳмад Шопўлатовнинг бундай қилгуликлари узоқ давом этмади. Яқинда бу иш судда кўриб чиқилиб, айбдорга нисбатан қонуний чора қўлланилди.

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

9.06.2018 53 44 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства