samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ички бозордан экспортга

Чоп этиш

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган кенг кўламли имкониятлар маҳсулот ва хизмат сифатини ошишига хизмат қилмоқда.

 Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябр¬даги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони айни жараённи янада самарали ташкил этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур фармон билан берилган имтиёз ва имкониятлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг кескин ўзгаришини, янги лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминламоқда. Энг муҳими, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар бандлик муаммосини бартараф этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шаҳримиздаги «Сабина С» хусусий корхонаси ҳам ана шундай тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади. Корхона раҳбари Содиқ Абдусаматов яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесини ривожлантиришга, шунингдек, юртимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишга бел боғлаган ишбилармонлардан. Бир неча йиллар олдин тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган Содиқ Абдусаматов корхонасида уй-рўзғор мебель жиҳозлари ишлаб чиқарар эди. Соҳа ривожини таъминлаш мақсадида кейинги йилларда яратилган қулайликлардан руҳланган тадбиркор барча турдаги мебель жиҳозлари ҳамда хонадон учун ички эшиклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

— 2015 йилдан корхона фаолиятини кенгайтириб, маҳсулот сифати ва турларини кўпайтиргандик, — дейди С. Абдусаматов. — Бунда ҳукуматимиз томонидан берилган имтиёз ва имкониятлар бизга қўл келди. Хориждан мебелсозликнинг энг замонавий ускуналарини олиб келдик. Уларни ишлатиш учун бугунги кун талабига мос таълим-тарбия олган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб қилдик. Натижа биз кутганимиздан ҳам аъло бўлди. Ёшларимиз хориж технологиясини тезда ўзлаштиришди. Бугунги кунда маҳсулотларимиздан аҳоли мамнун. Ички бозорда йил сайин талаб ортиб бормоқда. Ўтган 2016 йилда 1 миллиард 600 миллион сўмга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 2 миллиард сўмга етказишни режалаштираяпмиз.

Ички бозорда ўз ўрнига эга бўлган корхонада маҳсулот экспортини амалга ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда корхонада жорий йилда ойна ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунинг учун «Ипотекабанк» АИТБ Кўксарой филиалидан 600 миллион сўм кредит маблағи олиш режалаштирилган.

— Ишлаб чиқаришнинг самарали бўлишида хом ашёнинг сифати ва таннархи муҳим аҳамиятга эга, — дейди тадбиркор. — Айни пайтда асосий турдаги хом ашё ўзимизда тайёрланади. Ойна ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, маҳсулотимизнинг таннархи янада ҳамёнбоп бўлади. Бозор иқтисодиёти шароитида талаб ва таклиф мутаносиблиги алоҳида ўрин тутади. Бу фаолиятимизни янада ривожланишига хизмат қилади. Эътиборлиси, мазкур лойиҳамиз ишга тушгач, 2018 йилдан маҳсулот экспортини амалга оширишни бошлаймиз. Ҳозирча бу бўйича қозоғистонлик ҳамкорлар билан келишувга эришганмиз.

Айни пайтда 40 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада янги цехнинг ишга тушиши эвазига яна 10 та иш ўрни яратилади. Демак, тадбиркорнинг муваффақиятли фаолияти яна ўн нафар ҳамюртимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига, уларнинг хонадонининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

22.02.2017 878 11 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства