samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

«Инновация — бу келажак дегани»

Чоп этиш

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий хулоса ва ёрқин фикри шундай

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўртага ташланган истиқболли ташаббуслар, чуқур таҳлил ва мантиқий хулосалар мамлакатимизда кенг муҳокама қилинмоқда.

Аввало, мурожаатномада ҳар йилгидек анъанавий таҳлил ва хулосалардан воз кечилиб, ислоҳотлар йўлида амалга оширилган ишларимиз таҳлилига кенг ўрин берилди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳалари кенг қамраб олинган ушбу ҳужжат бугунги Ўзбекистоннинг ўзига хос ташриф қоғозига айланиши шубҳасиз. Президентимиз томонидан янги — 2018 йилнинг «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилиниши ҳам том маънода ўз мазмун ва моҳиятига эгадир.

«Инновация» атамаси таомилга кирганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шу боисдан унинг луғавий маъносига эътибор қаратиш фойдадан холи эмас, деб ўйлайман. Луғатларда ушбу сўз инглизча «Inno­vation», деб номланади. Она тилимизда эса «Янгилик», «Ихтиро» маъноларини англатади. Президентимиз ўз мурожаатномасида: «Инновация — бу келажак дегани», дея таъкидлади. Бундан аввалроқ эса давлат ва жамият ҳаётининг ҳар бир жаб­ҳасини қамраб олиши лозим бўлган тараққиётнинг инновацион йўлига ўтаётганлигимизни қайд этди.

Маълумки, инновация янгилик ва ихтиро сифатида тушунилар экан, аввало, ҳар қандай янгилик, кашфиёт келажак учун хизмат қилажаги англанади. Шу боисдан Юртбошимиз янги йилда барча жабҳаларда инновацион фаолиятни кучайтиришни, ҳар бир ишимизга инновацион ёндашув лозимлигини алоҳида уқтириб ўтди.

Мурожаатномада давлат ва жамиятни инновацион ривожланиш йўлига тўла ўтказиш ва бу йўлдаги асосий устувор йўналишлар белгилаб берилди. Юртбошимиз қайд этганидек, бу борадаги давлат, бош­қарув органлари фаолият йўналишининг бешта устувор йўналишлари белгиланди. Хусусан, бугунги кундаги асосий вазифалардан бири сифатида ижро ҳокимияти органлари фаолиятида янги даврни бошлаш фурсати етганлигини кўпчилик тушуниб етди. Ижро ҳокимияти органлари фаолиятидаги муаммолар бир неча йиллар мобайнида тўпланиб, илдиз отди ва охир-оқибатда давлат, жамият, халқ турмушида бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Энди бу муаммоларни ҳал этиш, иллатлардан қутулиш учун ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий мезон ва тартибларини ишлаб чиқиш, қатъий йўлга қўйиш талаб этилади. Устувор йўналишнинг дастлабки талаби бўлган ушбу тамойилнинг давлат, жамият, фуқаролар ҳаётида янги дав­р­­­ни бошлаб беришига ва ҳуқуқий кафолат яратилишига шубҳа йўқ.

Президентимиз ижро ҳокимияти органлари фаолияти, вазифалари ҳақида фикр юритар экан, уларнинг бугунги фаолиятини чуқур танқидий таҳлил этди. Қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатни амалга ошириш йўлида ижро ҳокимияти органлари масъулиятини янада кучайтириш, хусусан, бугунги кунда қоришиб кетган масъулият доирасини аниқ белгилаш механизмини яратиш тўғрисида таклиф киритди. Бундан ташқари, иқтисодий тармоқларга маъмурий таъсирларнинг кучайиб кетганлиги тараққиёт оёғига болта ураётганлиги сир эмас. Маъмурий буйруқбозликдан воз кечиш, ҳар қандай маъмурий таъсирни қисқартириш ва унинг ўрнига бозор иқтисодиёти механизмларидан, бу йўлда халқаро майдонда тўпланган тажрибалардан кенг фойдаланиш, энг муҳими, давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш пайти келганлиги таъкидланди. Зеро, давлат идораларининг иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсири куча­йиб, илдиз отиб кетганлигидан кўз юма олмаймиз. Юртбошимиз мамлакатда амалда бўлган марказлашган бош­қарувдан воз кечиш лозимлигига эътиборимизни қаратди. Қуйи бўғин идораларининг имкониятларини кенгайтириш, жумладан, маҳаллий ҳокимиятлар ваколатларини янада чуқурлаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги қайта-қайта таъкидланди. Бу йўлда давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигига эришишнинг асосий душмани бўлган коррупцияга қарши курашни кучайтириш, бунда кенг халқ оммаси иштирокини таъминлаш зарурлиги бош вазифаларимиздан биридир. Юртбошимиз ўз мурожаатномасида давлат хизматини ислоҳ қилиш долзарб вазифалардан бири эканлигини алоҳида тилга олди. Ислоҳотнинг бош мақсади давлат хизматини жорий этишда тезкорлик, самарадорликка эришиш, ошкораликни таъминлашдир.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўртага ташланган ташаббус ва таклифлар кенг маънода мустақил юртимиз ҳамда халқимизнинг порлоқ истиқболи учун белгиланган тадбирлар, кўлами кенг ислоҳотлар амалий самаралар беришига шуб­ҳа йўқ.

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

4.01.2018 372 105 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства