samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳоким ва ёшлар учрашуви

Чоп этиш

Унда кўплаб муаммолар ўртага ташланди

Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов вилоятимиз ёшлари билан учрашди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши аъзолари, талабалар, ўқувчи-ёшлар, ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар, чемпион спортчилар иштирок этган учрашувда Э. Турдимов дастлаб ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар, ихтирочилар, дастурчилар фаолияти билан танишди. Улар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратди. Имтиёзли кредит ажратиш, ихтирочи ва дастурчиларни рағбатлантириш бўйича шу ернинг ўзида мутасаддиларга вазифалар берилди.

"Ҳоким ва ёшлар учрашуви" ҳам ёшлар ҳаётидаги муаммоларга бағишланди. Учрашув аввалида Э. Турдимов мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳиятига кенг тўхталиб ўтди. Бугунги кун ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиш орқали ўз ҳаётлари, фаолиятларини тўғри йўлга қўйишлари, шунинг баробарида юрт равнақига ҳам муносиб ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини таъкидлади.

Учрашувда вилоят ҳокими ёшларнинг талаб ва таклифлари, муаммолар юзасидан мурожаатларини эшитиб, ўз муносабатини билдирди.

Жумладан, Ургут туманида эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган "Ургут саноат сервис" оилавий корхонаси раҳбари Мажидхон Исломов ўз маҳсулотларини сотиш учун савдо дўкони ташкил этишда кўмак сўради. Самарқандлик ёш заргар Ойбек Тиллаев ёш заргарларнинг самарали фаолият юритишлари учун етарли шароитлар яратишда амалий ёрдам зарурлиги бўйича мурожаат қилди. Шунингдек, учрашувда шаҳримизда мақом санъатини ривожлантириш, кредит маблағларини олишдаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини коммунал тизимларга уланишлардаги муаммоларга барҳам бериш бўйича билдирилган таклиф ва мулоҳазалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар ҳам мурожаатларни ўз вақтида бартараф этиш, уларнинг амалий ечимини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Ушбу масалалардаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, доимий назорат ўрнатилди.

Тадбир доирасида ёшлар иттифоқи сардорлар кенгаши аъзоларига кўкрак нишонлари тантанали топширилди.

 

Муаллиф: А. ИСРОИЛОВ

3.10.2018 203 77 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства