samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳарбий ҳаёт — қизиқишни мақсадга айлантирди

Чоп этиш

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча ҳарбий округлар, ҳарбий қисмлар ҳамда Олий ҳарбий таълим муассасаларида "Ватанпарварлик ойлиги" муносабати билан оммавий тадбирлар, ёшларни ҳарбийликка қизиқтиришга қаратилган акциялар ўтказилмоқда.

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги таркибидаги 13060-ҳарбий қисм мутасаддилари томонидан 64-махсус мактаб-интернат тарбияланувчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳарбий қисмда бир ҳафта мобайнида ҳарбийлар билан бирга яшаб, яратилган шароитлар, қурол-аслаҳалар, техникалар билан танишишлари учун имкон яратишди.

— Бу ўқувчилар баъзи бир сабабларга кўра, тўғри йўлдан адашишган, — дейди ҳарбий қисм командири ўринбосари, капитан Элдорбек Каримов. — Уларга ҳарбий қисм шароитларини таништириб, ҳарбий интизом ҳақида тушунча бераяпмиз. Улар бевосита ҳарбий хизматчилар билан мулоқотда бўлиб, касб масъулияти, машаққатлари ва шарафли жиҳатлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлишмоқда. Энг муҳими, ўқувчилар ҳарбий қисмга келган вақтда уларда бу ҳаётга шунчаки қизиқиш бўлган бўлса, ҳарбий қисм билан хайрлашишда қатъий қарор — ҳарбий бўлишни мақсад қилиб кетишмоқда.

Ҳарбий қисмда бўлиб турган тарбияланувчилар Ўзбе­кис­тон жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилоят бўлимининг бир гуруҳ аъзолари ҳамроҳлигида Марказий ҳарбий окрукка қарашли Каттақўрғон дала-ўқув майдонида тўпчилар бўлинмаси томонидан артиллерия тўпидан амалий ўқ отиш жараёнини кузатишди.

— Ҳарбий бўлиш орзуим эди, — дейди тарбияланувчи Шерзод Ҳамдамов. — Ҳарбий қисмга келиб орзуим ҳаётий мақсадга айланди. Ҳарбийлар учун яратилган шароитлар бу қадар эканлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Яшаш шароитлари, тартиб-интизом, кутубхона менга жуда ҳам ёқди. Бугунги дала ўқув машғулотларини яқиндан кузатиб ҳарбийликнинг нақадар машаққатли  эканлигини тушундим. Мана шундай жасур ўғлонлар сафида, Ватан ҳимоячиси бўлиш қанчалик шарафли эканлигини ҳам англадим. Келгусида аъло баҳоларга ўқиб, ҳарбий-учувчи бўламан.

Дала ўқув машқларини ўтаётган ҳарбийлар Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилоят бўлими аъзолари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаётий ҳикояларини тинглашди. Ўз навбатида фахрийлар ҳарбий хизматчиларнинг амалий жараёндаги ҳаракатларини кузатиб, уларга ўз тавсияларини беришди.

— Ҳарбийларимизнинг амалий машғулотларини кузатиб, сар­ҳадларимиз дахлсизлиги ишончли қўлларда эканлигига амин бўлдим, — дейди фахрий жангчи Шаҳобиддин Амриддинов. — Мен ҳам айнан тўпчилар бўлинмасида хизмат қилганман. Бу жараёнда аниқлик, тезкорлик муҳим аҳамият касб этади. Ҳарбийларимизнинг ҳар бир жараёнга диққат билан эътибор қаратиб, амалга ошираётган ҳаракатлари уларнинг юксак салоҳиятга эга эканлигини кўрсатди. Ҳарбийларимизнинг амалий машғулотлари махсус мактаб интернати тарбияланувчиларининг фикрини ўзгартирди. Уларда ҳам ҳарбийликка ҳавас уйғотди. Бу каби тадбирлар ёшларда ҳарбийликка қизиқишнинг ортишига хизмат қилади.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

22.12.2018 144 102 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства