samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳамшира фидокор — аҳоли соғлом

Чоп этиш

12-оилавий поликлиника 17 та маҳалладаги 42681 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Поликлиника биноси 2015 йил капитал реконструкция қилинган бўлиб, "Саломатлик-2" лойиҳаси асосида 52, "Саломатлик-3" лойиҳаси бўйича 18 турдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланганини таъкидлаш лозим.

Яратилган бундай имкониятлар поликлиника шифокор ва ҳамшираларини сидқидилдан меҳнат қилишга, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада оширишга ундайди. Имкониятлардан самарали фойдаланаётган поликлиника ҳамширалари жонкуярлиги ва ҳалол меҳнати билан аҳоли ишончини доим оқлаб келишмоқда.

Зебинисо Саидқулова поликлиниканинг ана шундай меҳнаткаш, жонкуяр ҳамшираларидан. У ёш бўлишига қарамай ҳамкасблари ва ўзи хизмат қилаётган маҳалла аҳолисининг ҳурматини қозона олган. 2011 йилда Сўзангарон тиббиёт коллежини битирганидан буён шу ерда фаолият юритаётган Зебинисо бугунги кунда "Сўзангарон" маҳалласидаги 220 та хонадонда истиқомат қилаётган 1382 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Маҳаллада бугунги кунда 16 нафар ногиронлиги бор шахс, 30 нафар 70 ёшдан ошган кекса яшайди. Уларнинг соғлиғини назорат қилиб бориш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш доим унинг назоратида. Бундан таш­қари, у аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишини сифатли ташкил этиш ишларида ҳам бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда.

—     Тиббий кўрикдан бош тортадиган инсонлар ҳам бор, — дейди Зебинисо Саидқулова. — Бундай фуқароларни биз маҳалла фаоллари, нуроний отахону онахонлар билан тушунтириш ишлари олиб бориш орқали тиббий кўрикдан ўтказамиз.

З. Саидқулова асоратли туғуруқнинг олдини олиш мақсадида эрта турмуш қуришнинг, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарарли оқибатлари тўғрисида аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида ҳар бир хонадонга кириб, суҳбатлар ташкил этмоқда. Бундан ташқари, у туғуруқдан кейинги патронаж хизматини, чақалоқларда эмлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириб келмоқда. Унинг хизматларидан эса маҳалла аҳлининг кўнгли тўқ.

Албатта, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, унинг саломатлигига бефарқлигини бартараф этиш ана шундай жонкуяр, фидокор соҳа мутахассисларининг меҳнатлари туфайли амалга оширилади. Соҳа ходимларининг фидойиликлари хал­қимиз саломатлигининг кафолати ҳисобланади.

Муаллиф: Отабек ШАРАФОВ

12.05.2018 81 36 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства