samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳамкорлик янги босқичда давом этади

Чоп этиш

Самарқанд вилояти ва Хитойнинг Шэньси провинцияси ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш мақсадида вилоятимиз делегацияси Хитойда бўлди.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бошчилигидаги делегация ташриф давомида бизнес-форум ва тақдимотлар ўтказиб, хитойлик ҳамкорлар билан қатор истиқболли лойиҳалар бўйича келушувларга эришишди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, даст­лаб, делегация аъзолари Сиань шаҳридаги халқаро логистика марказида вилоятнинг инвестицион имкониятлари ҳамда экспорт салоҳияти мавзусида бизнес-форум ўтказди. Унда вилоятимизнинг инвестицион имкониятлари, экспорт салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилиб, видеоролик намойиш этилди. Тақдимот якунида Самарқанддан ташриф буюрган 26 нафар тадбиркор ва Шэньси провинциясидан иштирок этган компаниялар вакиллари ўзаро музокара олиб боришди. Ташрифнинг биринчи кунида қиймати 23,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш ҳисобига 3 та  лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Жумладан, "Sam Eco Root" МЧЖ корхонаси негизида қизилмия экстракти ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда "Liaoning Sindpond Titanium Industry" компанияси билан қиймати 12,6 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияни йўналтириш бўйича меморандум имзоланди. "Оптима Собиржон" МЧЖ негизида эса медицина соҳасида бир марта ишлатиладиган латекс қўлқоплар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун "CTMTS" компаниясидан қиймати 1 млн. долларлик асбоб-ускуналарни сотиб олиш бўйича шартнома тузилди. "Самар­қанд кимё" акциядорлик жамияти негизида кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда "Liaoning Sindpond Titanium Industry" компанияси томонидан қиймати 10 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтириш бўйича меморандум имзоланди.

Шунингдек, Сиань шаҳри вице-мэри самарқандлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини сотишлари учун Сиань қуруқлик портидан алоҳида савдо майдончаси ажратишни ҳамда ушбу савдо майдончаси учун ҳеч қандай тўлов ундирилмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, туризм бўйича ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан музокаралар ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Самарқанддаги сайёҳлик агентликларининг таклифлари маъқулланиб, бир қатор шартномалар имзолашга эришилди.

Мазкур тадбир давомида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ва Сиань университети ўртасида туристик агентлиги ташкил этиш тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.

Ташриф давомида вилоят ҳокими Т. Жўраев бошчилигидаги делегация аъзолари Шэньси провинцияси губернатори жаноб Лю Гочжун ва унинг савдо-иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва маданият соҳалари бўйича ўринбосарлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида  учрашув ўтказди. Учрашув давомида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, айни пайтгача фойдаланилмай келинаётган имкониятларни амалиётга татбиқ этиш бўйича қатор келишувларни имзолаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Сиань шаҳри мэри жаноб Шангуан Цзин билан ўтказилган учрашувда тарихий обидаларга бой ҳисобланган Самарқанд шаҳри туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида яқин кунларда қурилиши мўлжалланаётган "Samarqand City" лойиҳасини амалга оширишда ҳам ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди.

Сиань ва Самарқанд шаҳарларининг "Биродарлашув битими" имзоланганлигининг 5 йиллиги муносабати билан шаҳардаги катта театрда Самарқанд ва Сиань маданият ва санъат усталари иштирокида байрам дастури намойиш этилди. Унда Сиань шаҳри вице-мэри, Шэньси провинцияси ҳамда шаҳар фаоллари, Сиандаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда уларнинг сафдошлари иштирок этди.

Вилоятимиз делегацияси Шэньси провинциясининг йирик саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бир қатор истиқболли келишувларга эришди. Жумладан, ҳамюртларимиз Хитойнинг "Shaanxi Coal & Chemical Industry group Co. LTD" корпорацияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур корпорацияга 2004 йилда асос солинган. Бугунги кунда кўп тармоқли бу корпорация Хитойда иккинчи ўринда туради. Асосий фаолият тури кўмир, кимёвий ўғитлар, электр энергияси ишлаб чиқаришдан иборат. Корпорациянинг йиллик ўртача кўмир ишлаб чиқариш қуввати 140 млн. тонна, электр энергияси ишлаб чиқариш эса 44 млн. квт. соатни ташкил қилади.

Шунингдек, мазкур корпорация йўл ва кўприклар қуриш, цемент ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Маҳсулотлар ички ва ташқи бозорга етказиб берилади. Корпорация таркибида 60 та корхона бўлиб, жами 102 минг нафар киши фаолият юритади.

Корпорация директори Янь Гуанлао билан бўлиб ўтган учрашувда раҳбарият томонидан тузилган ишчи гуруҳини яқин вақтларда инвестиция киритиш лойиҳаларини ўрганиш учун вилоятимизга жўнатишини таъкидлади.

Шунингдек, делегация аъзолари Сиань шаҳридаги "BYD", "China Volant Industry Corporation" корпорацияларида бўлиб, мутасаддилар билан учрашувларда иштирок этишди. Ўтказилган музокараларда келгуси ҳафтада корпорация менежери Ван Сичэн раҳбарлигидаги делегациянинг вилоятимизга ташрифини уюштириш ҳамда вилоятда иссиқхона қуриш учун зарур бўладиган жиҳозларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ўрнатишга келишилди.

Сиань халқаро молия марказида вилоятимизнинг туристик салоҳияти тўғрисидаги тақдимоти ҳам самарали якунланди. Натижада қиймати 6 млн. долларлик хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга келишилди. Жумладан, "Браво мадад" оилавий корхонаси негизида меҳмонхона хизмати фаолиятини йўлга қўйиш бўйича "Shaanxi Teenfo Imp & Export" компанияси томонидан 500 минг долларлик инвестиция киритиш бўйича меморандум имзоланди. Шунинг­дек, вилоятдаги маданий мерос объектларида замонавий дизайн асосида тунги ёритиш тизимини жорий этиш бўйича Хитой компанияси томонидан 4 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестиция киритиш лойиҳасини амалга оширишга келишилди.

Хитой Халқ Республикаси Мусулмонлари ассоциацияси раиси билан ўтказилган музокаралар якунига кўра, зиёрат туризми йўналишида ҳар йили ўртача 100 минг нафар зиёратчиларни Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга жўнатиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

Делегация аъзолари ташрифининг учинчи куни Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Шэньси провинциясининг Сиань шаҳри ўртасида ҳамкорлик, Хитой Халқ Республикасининг кичик ва ўрта корхоналар Шэньси маркази билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланиши билан аҳамиятли бўлди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва "Xi'an Electronic commerce Co.Ltd" ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида шартномага ҳам келишилди.

Шунингдек, Сяньян шаҳридаги "Yihai Kerry Food staffs Industries Co.Ltd" компанияси раҳбари, жаноб Жанг Лин билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Хусусан, турли ўсимлик ёғи ва қайта ишланган буғдойдан хитой хамир овқати (лапша) ва бошқа хамирли маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Учрашувда компания раҳбарига мамлакатимизнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти тўғрисида маълумотлар берилиб, бирлашма аъзоларига юртимиздаги инвестиция лойиҳалари билан танишиш таклифи билдирилди.

Вилоятимиз вакиллари "Xianyang Textile Group" компаниясида бўлишди. Ташриф давомида Сяньян шаҳри раҳбарияти, шаҳар компартияси муовини Ма Силян, шаҳардаги текстиль ассоциацияси раиси Фань Чжэнхуа ва бошқалар билан музокаралар олиб борилди.

Сяньянлик ишбилармонларга вилоятимизга ташриф буюриб, жойларда инвестицион лойиҳалар билан танишиш таклиф этилди.

Шу куни делегациямиз аъзолари "China Yanling Agricultural Hi-tech" компаниясида бўлиб, юқори технологияли иссиқхонада маҳсулот етиштириш усуллари билан яқиндан танишишди.

Мазкур компания Хитой қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда муҳим аҳамиятга эга. Олиб борилган илмий-тадқиқотлари билан нафақат Хитой, балки Осиё, Америка, Авс­тралия ва Африкадаги давлатлар қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланилиб, юқори кўрсаткичларни қайд этган.

Компания раисига Ўзбекистонда экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестицион лойиҳалар мавжудлиги, инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди. Келгусида мазкур компания билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Шэньси провинцияси губерньяси, Сиань шаҳри мэрияси, провинциянинг йирик компания ва корпорациялари вакиллари ҳамда Самарқанддан ташриф буюрган тадбиркорлар иштирокида вилоят ҳокимининг қабули бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Т. Жўраев сўзга чиқиб, Шэньси провинцияси губерньяси ва Сиань шаҳри мэриясига Самарқанд вилояти делегациясига яратиб берилган имконият учун чуқур миннатдорчилик билдирди, Самарқанд ва Сиань шаҳарлари ўртасида биродарлашув алоқалари ўрнатилганлигининг 5 йиллиги муносабати билан самимий қутлади. Маданият ва санъат ходимлари томонидан икки ҳалқнинг узоқ тарихини акс эттирувчи саҳна чиқишлари уюштирилди, катта концерт дастури намойиш этилди.

Ташриф якуни олдидан делегация аъзолари Сиань шаҳридаги "Zhong He Industrial Group" корпорацияси раҳбари Ли Хиян ва бошқалар билан музокара ўтказишди.

Компания Ўзбекистоннинг қуритилган мева маҳсулотларини Хитойга импорт қилишни, бунинг учун унга ер ажратилса, боғ ташкил этиш, боғда гилос дарахтларини экиш, боғ атрофида ҳўл мева сақланадиган музхоналар қуришни таклиф қилди. Музокараларда "Zhong He Industrial Group" ва вилоят ҳокимлиги ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича меморандум имзоланди.

Делегация таркибида борган туман ва шаҳар ҳокимлари Шэньси провинциясининг бир қатор йирик компаниялари билан учрашув ва музокаралар олиб боришди. Хитойлик инвесторларнинг вилоятимизга ташрифига келишилди.  Хитойликларнинг ташрифи доирасида Нуробод ва Қўшработ туманларида қиймати 100 млн. долларни ташкил этадиган, йиллик қуввати 300 млн. тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа кўриб чиқилади. Бунда маҳаллий хом­ашё негизида ҳар бир лойиҳанинг қиймати 500 минг долларни ташкил этадиган қурилиш моллари ишлаб чиқаришни амалга ошириш истиқболлари бўйича ишларни бошлашга келишилди.

Шунинг билан вилоятимиз делегациясининг Шэньси провинциясига қилган ташрифи якунланди. Ташриф давомида эришилган келишувлар, имзоланган меморандумлар, албатта, вилоятимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ тайёрлади.

18.04.2018 53 29 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства