samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳамжиҳатлик намунаси

Чоп этиш

11-12 март кунлари республикамиз бўйлаб кенг қулоч ёзган умумхалқ хайрия ҳашари шаҳримизда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди.

Ҳашарда ҳар бир корхона-ташкилот ва муассасалар жамоалари ўз ҳудудларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишди.

— Ҳашар куни корхонамиз ходимлари эрта тонгдан ишга киришишди, — дейди «Ўзбектелеком» АК Самар­қанд филиали бўлим бошлиғи Шамсиддин Ибрагимов. — Ҳудуддаги дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Гулхоналарга гул кўчатлари ўтқазилди. Шунинг­дек, корхонамизга тегишли 15 та туман-шаҳарлардаги боғламаларда ҳам худди шундай ҳашарлар уюштирилди. Белгиланган жойларга манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Наврўз умумхалқ байрами олдидан ўтказилган озодалик ва ободлик тадбири — ҳашар давомида шаҳримизнинг марказий кўчалари, сайилгоҳлар, зиёратгоҳ ва қабристонларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилиб, бетакрор байрамга пухта ҳозирлик кўрилди.

— Умумхалқ ҳашарида фаол қатнашиб, юртимиз обод­лигига ҳисса қўшиш мақсадида Мирзо Улуғбек кўчасидаги ободонлаштириш ишларида кўмаклашдим, — дейди Санъат коллежи ўқитувчиси Достон Дониёров. — Ҳамкасбларимиз билан ҳамжиҳатликда белгиланган ҳу­дудни саранжом-саришта қилиб, байрамона кайфият билан уйга қайт­дик. Халқимизга хос ҳамжиҳатлик тадбири ҳар бир юртдошимиз қалбига ана шундай илиқлик, баҳор тафтини ҳадя этди, десак муболаға бўлмайди.

— Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ходимлари ҳам ҳашарда фаол қатнашишди, — дейди бирлашманинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Усмон Каримов. — Ҳа­шар нафақат ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбири эканлиги билан, балки тарбиявий томондан ҳам аҳамиятли. Шу боис, бирлашма томонидан ташкил этилган ҳашарда ёш ходимларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратдик. Ҳашарда иштирок этган юз нафардан ортиқ ишчи-ходимнинг асосий қисми ёшлардан иборат бўлди. Бирлашма томонидан минг тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт кўчатлари экилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмасидан берилган маълумотга кўра, умумхалқ ҳашарида 330 минг 966 нафар фуқаро иштирок этган бўлиб, шундан 225 минг 547 нафари ёшлардир. Икки кун давомида 473,2 гектар майдон ободонлаштирилди, 405 километр ариқ ва лотоклар тозаланди ҳамда 1 минг 30 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқарилди. Умумхалқ ҳашарида 58 та қабристон ва 24 та зиёратгоҳда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳудуддаги 300 минг тупга яқин дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Шунингдек, 94 минг 694 туп манзарали, 57 минг 963 туп мевали дарахт кўчатлари ҳамда 164 минг 809 туп гул кўчатлари экилди.

— Умумхалқ хайрия ҳашарида меҳр-мурувват тадбирлари ҳам муносиб ташкил этилди, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси  раиси М. ўойипов. — Жумладан, 463 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила уй-жойларининг 3 минг 907 метр квадрат қисми таъмирланди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга 34 миллион 506 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Энг муҳими, ҳашар халқимизга хос эзгу анъана ва қадриятлар асосида ўтди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

18.03.2017 623 21 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства