samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

Чоп этиш

"Анҳор" маҳалласида истиқомат қилувчи Эльзара Зайтуллаеванинг қизи оғир дардга чалинади. Унга шифокорлар бош мия атрофияси ташхисини қўйишади.

Шаҳар ҳокими ўринбосарлари Ш. Сатторов ва Т. Набиевлар томонидан I сектор ҳудудидаги "Анҳор", "Бирлик", "Хўжа Юсуф" ва "Сиёбча" маҳаллалари фуқаролари учун ўтказилган сайёр қабулда Э. Зайтуллаева оғир хаста фарзандига пенсия тайинлаш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

— Мен Сулаймон Боқирғоний кўчаси, 2-уйда 1994 йилдан буён истиқомат қиламан, — дейди Нодира Мўминова. — Лекин уйимнинг ҳужжатлари мавжуд эмас. Уйга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламан. Ўтган давр мобайнида барча коммунал тўловларни амалга ошириб келганман.

— Ёғингарчилик мавсумида кўчаларни сув босишидан азият чекяпмиз, — дейди Сулаймон Боқирғоний кўчаси, 16-"А" уйда яшовчи Шароф Раҳимов. — Бу маҳалла аҳлига бир қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Бизни қийнаб келаётган ирригация тизимидаги муаммолар бартараф этилса, айни муддао бўлур эди.

— Тунги ёритиш мосламалари йўқлиги боис кеч тушиши билан кўчада юришда қийналаяпмиз, — дейди Марғилон кўчаси, 32-уйда яшовчи Анвар Муҳаммадиев. — Айниқса, қиш фаслида кунлар жуда қисқа бўлади, мактабдан қайтаётган фарзандларимиз ҳам анча қийинчиликларга дуч келади. Кўчаларимиз тунги ёритиш чироқлари билан таъминланса, маҳалла аҳли ва йўловчилар учун қулай бўларди.

— Тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш таклифи жуда ўринли, — деди Хотира кўчаси, 6-уйда истиқомат қилувчи Бекзод Қобилов. — Лекин буни амалга ошириш учун симёғочлар замон талабига жавоб бериши керак. Марғилон, Алишер Навоий, Бирлик кўчаларидаги симёғочлар эскиргани боис талабга умуман жавоб бермайди. Ушбу симёғочларни янгисига алмаштириш зарурати юзага келган.

— Кўчамиздаги 7, 9, 12 ва 14-хонадонлар ёнидан ўтган марказий ичимлик суви қувури тешилган, — дейди Бўстонсарой кўчаси, 2-йўлак, 12-уйда яшовчи Синдор Аҳтамов. — Тешик қувурдан бир неча йилдан буён сув оқиб исроф бўлмоқда. Ушбу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам берилса, нур устига аъло нур бўларди.

— Маҳалламиз ҳудудидан Сиёбча ариғи оқиб ўтади, — дейди "Сиёбча" маҳалласи, Абдураҳмон Жомий кўчаси, 32-уйда яшовчи Рустам Ғафуров. — Ёғингарчилик мавсумида ариқ суви тошиб кетиши оқибатида хонадонларни сув босади. Илгари ариқ вақти-вақти билан тозаланарди. Бир неча йиллардан буён тозалаш ишлари олиб борилмаяпти.

— Баҳодир Ялангтўш кўчасидаги 22-умумий ҳовлида яшовчи фуқаролар ариқнинг устини ўзбошимчалик билан ёпиб ташлаган, — дейди Эвелина Абдуллаева. — Бунинг оқибатида ёғингарчилик пайтида сув тошиб кетади. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш, ариқнинг устини очишда ёрдам беринг.

Шунингдек, сайёр қабулда фуқароларнинг кўчаларни таъмирлаш, ногиронлик аравачаларини олишда ёрдам кўрсатиш, "Сиёбча" маҳалла фуқаролар йиғини биносини қайта қуриш, газ қувурини тартибга келтириш, "Биродарлик" ва "Яҳудийлар" қабристонларини девор билан ўраш, Бўстонсарой кўчасидаги бузилишга тушган бино ва иншоотларга оид маълумотлар ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.

— Илгари юртдошларимиз ўзларини қийнаб келган муаммолари юзасидан мурожаат қилиш учун мутасадди идораларда узоқдан-узоқ навбат кутишига тўғри келарди, масъул раҳбарлар қабулига кириш учун соатлаб эшик ортида сарғайиб ўтирарди, — дейди "Бирлик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Йўлдошев. — Шукрлар бўлсинки, бугун фуқаролар эмас, балки барча бўғиндаги раҳбарлар аҳолига пешвоз чиқиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этишмоқда. Аксарият муаммоларга сайёр қабулларнинг ўзида ечим топилаётгани ҳам халқ билан мулоқотнинг ушбу механизми самарадор ва таъсирчанлигидан далолатдир. Энг муҳими, ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаяпти. Бундан ташқари, аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда муаммолар билан бир қаторда жамиятимиз равнақига, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қиладиган таклиф ва ташаббуслар ҳам илгари сурилаётгани эътиборга молик. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад юрт­дошларимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунига мустаҳкам ишонч билан яшашига эришишдир.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

6.06.2018 135 43 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства