samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ҲАМ озиқ-овқат, ҲАМ дори-дармон

Чоп этиш

Мамлакатимиз табиатининг бетакрорлиги кишига ўзгача кайфият улашиш билан бирга, унда учрайдиган турли шифобахш ўсимликлар, гиёҳлар минглаб хасталикларга даводир.

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида баъзи хасталикларни даволашда табиий дармондориларнинг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланмоқда. Шу боис, мамлакатимизда шифобахш ўсимликларни кўпайтириш ва уларни қайта ишлашни ташкил этиш бўйича давлат дастурлари асосида кенг кўламли тадбирлар амалга ошириляпти. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг таклифи асосида юртимизнинг алоҳида ҳудудларида шифобахш ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш бўйича топшириқлар берилмоқда. Юртбошимизнинг жорий йил 10 февралда Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, айнан чўл ва тоғолди ҳудудларида коврак плантацияларини кенгайтириш масаласидаги таклифлари мазкур шифобахш ўсимликни етиштириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида, асосан, қумли чўл­лар, адирлар, тоғлар ва тоғ­олди ялангликлари, соф тупроқли ерларда  кўп учрайдиган коврак ўсимлигининг йўқолиб кетиши ва камайиши жуда ачинарлидир. Унинг шираси, илдизи, пояси ва барглари Ҳиндистон, Покистон мамлакатларида пиёз ва саримсоқ пиёз ўрнида истеъмол қилинади ҳамда ундан олинадиган дори моддалари одам ва ҳайвонлар касалликларини даволашда кенг қўлланади. Шу боис, юртимизда коврак ўсимлиги ҳам давлат ҳимоясига олинган.

Айни пайтда фармацевтика саноатида сассиқ ковракнинг илдизи ва дони кўпроқ ишлатилса, фаол вегетация даврида унинг елим-смоласи ишлатилади. Коврак смоласи унинг илдизини кесиш орқали олинади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фаол вегетация даврида ҳар бир ўсимликдан 1300-1500 мл.гача шира олинади. Сассиқ ковракнинг елим-шираси қадим-қадимдан тиббиётда турли хасталикларни даволашда қўлланиб келинган. Табобат илми асосчиси Абу Али ибн Сино коврак ширасини меъда, буйрак, талоқ, жигар касалликларини даволашда, шунингдек, иштаҳа очувчи, сийдик ҳайдовчи, бўғим касалликларида оғриқ қолдирувчи сифатида фойдаланган. Бундан ташқари, коврак елим-шираси халқ табобатида томир тортишининг олдини олишда, ўпка силида, ўлат, заҳм, кўк йўтал, тиш оғриғида, асаб хасталикларини даволашда кенг қўлланилади. Ундан қувват берувчи, бал­ғам кўчирувчи, гижжа ҳайдовчи дори сифатида фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Энг муҳими, коврак ўсимлиги ва унинг шираси озиқ-овқат саноатида таом ва хушбўй ҳид берувчи восита сифатида фойдаланилади. Айниқса, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Бангладеш ва бошқа шу каби давлатларда бу ўсимлик кенг ишлатилади.

Ўзбекистоннинг барча яйлов ва адирларида жами 200 тур коврак (Ferula L)га мансуб бўлган ўсимлик учраса-да, минтақанинг чўл зоналарида бу ўсимликнинг 36 тури маданийлашган. Чўл зоналарида ковракнинг энг қадимий тури ва ушбу ҳудудлар учун эндемик ҳисобланган F.foetida ва F.assafoetida турлари учрайди. Ўсимлик трансформацияси нафақат Ўрта ва Марказий Осиё минтақасида, балки Афғонистон, Эрон, Покистоннинг чўл, қир ва адирларида ҳам катта-катта плантациялар ҳосил қилиб ўсади. Бироқ кейинги йилларда инсоният томонидан табиатга нисбатан аёвсиз муносабат оқибатида ушбу ноёб ўсимлик плантациялари йўқ қилинди. Айни жараёнда ковракнинг ҳам айрим ноёб Ferula shair, F.sumbul, F.mochata турлари йўқолиб кетди. Фақатгина мамлакатимиз чегараларининг қўриқланиши ва табиатни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатлари туфайли бу ноёб ўсимлик турлари мамлакат ҳудудида сақланиб, тиббиёт учун дори олишда, чорвачилик учун фитоэстроген моддалар олишда хом ашё захираси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу ўсимликнинг доривор хусусиятларидан унумли фойдаланиш мамлакатимиз фармацевтика саноатининг ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис, давлатимиз раҳбари олдимизга мазкур ўсимлик плантацияларини кенгайтириш ва уни қайта ишлашни ривожлантириш вазифасини қўймоқда. Бебаҳо табиатимиз коврак ўсимлигини маданийлаштириб, катта-катта плантациялар ташкил этиш имконини беради. Демак, ушбу йўналишда самарали лойи­ҳаларни амалга ошириб, фармацевтика соҳасида истиқболга эришамиз.

Муаллиф: Ғ. ЭШМАТОВ, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти катта ўқитувчиси, А. АЛИМОВ, институт талабаси

28.02.2018 443 16 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства