samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ҲАЁТ СИНОВ ВА БУЮК НЕЪМАТ

Чоп этиш

ИСКАНЖА

Гоҳ-гоҳида инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳаётдан қониқмаслиги, норозилиги шу даражагача чиқиб кетадики, бу пайтда уни чор-атрофдан даҳшатли қора хаёллар қамраб олади ва ана шу лаҳзалар уни на бинойидек иши, мансаби, рўзғори, хотин, бола-чақаси, на порлоқ орзу-умидлари юпатади, ҳеч нарса, кўнглига тасалли беролмайди!

Яна уни ёлғизлик, яккаланиш, танҳолик ҳам ўз қаърига олади. Инсон бош чаноғи ичидаги руҳий босим кескин ошади.

Айни шу лаҳзаларда одам ўзини-ўзи бошқаролмай қолади, хатти-ҳаракатлари ихтиёрсиз кечади.

Тиббий амалиётда шу нарса маълумки, айни шу қалтис сониялардагина инсон ихтиёрсиз ҳолда ўз жонига ўзи қасд қилади, бош мия ярим шарларига  бехос қон қуюлади (геморрагик инсульт), ўткир юрак-қон томир инфарктига чалинади.

НЕГА БУНДАЙ БЎЛАДИ?

Бу ҳолат инсоннинг яккаланишига, илмсизлигига, атрофидаги ёки бошидан кечаётган оғир кунлар, қора хаёлларни нотўғри идрок этиб, талқин қилишига тўғридан-тўғри боғлиқдир.

Бу чоғларда у ўзи каби маънан қашшоқ одамларнинг тушунчалари орқали айтган ҳақоратомуз фикрларини тўғри деб ўйлайди, қалбига яқин олади, ўз юрагини жароҳатлайди. Оқибатда бош чаноғидаги руҳий таранглик ошади.

ТАҚДИР ЗАРБАСИ

Мана, қаршимда икки марта бахти "синган", бефарзандлиги туфайли яккаланиб қолган, бахтсиз, умидсиз, тушкун, серғусса, маҳзун, ёшгина аёл.

У ярамас, жоҳил одамнинг аёвсиз ҳақорати, камситишлари туфайли аввалига ошхонага кириб сирка ичган, сўнг... оғилхонада ўзини осишга урина бошлаган. Яхшиямки...

Эри билан ўзаро жанжал аёл қалбини оғир жароҳатлади. Мана, уни тўлиқ келтираман:

"Ҳамма айтаяпти, бир умрга туғмас экансан, энди ажрашамиз!!!"

Бу сўзларни ёстиқдош эри айтаяпти. Қалби кемтик заифанинг бу оғир ҳақоратни кўтариши осонми?

Шифохонамиздаги текширув, тиббий таҳлиллар асносида ушбу беморда бепуштлик нуқсони аниқланмади. Ҳозирги кунда унинг бир эмас, тўрт фарзанди бор, бахтли, фаровон ҳаёт кечиряпти.

Мана қаранг, икки эрнинг камситишу ҳақоратларини кўрган аёл учинчи марта яқинларининг қистови билан турмуш қурганида бахти очилиб, қирқ ёшидан ошганида кетма-кет тўрт фарзандни дунёга келтирди.

Мабодо, унда етилмай қолган бачадон "детская матка" нуқсони бўлгани тақдирда ҳам бугунги кун тиббиёти олдида бу муаммо эмас.

Агар юқорида эслатган бемор ёшгина, соппа-соғ аёл сирка ичиб ёки ўзини осиб, нобуд бўлганида жаҳолат қурбонига айланмасмиди?

 

Муаллиф: Муродим УМРЗОҚОВ, шифокор

22.08.2018 236 66 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства