samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қутуриш — ҳайвонлар касаллиги

Чоп этиш

Аммо инсонга юқса, оқибати ва асорати аянчли бўлади

Халқимизда қутуриш, деб аталган касаллик ҳақида етарли тушунча шаклланган. Негаки, одатда инсонга бу касаллик қутурган ҳайвонлар, асосан ит тишлаши оқибатида юқади.

Уй ҳайвонлари орасида ит боқишнинг ветеринария-санитария қоидалари борки, улар ўз ичига жониворни доимий равишда ветеринария кўригидан ўтказиш, бирон-бир касаллик аниқланса, эмлаш ва даволаш чораларини кўриш талаб этилади. Ит инсонга тез ўрганадиган жониворлардан бири бўлиб, уни асраш ва боқишнинг ҳам эътиборталаб қоидалари ва тартиблари мавжуд. Одатда ит бирон кишини тишлаб олса, албатта, у ветеринар шифокор назоратига олиниши ва камида ўн кун мобайнида кузатувда туриши керак. Ит бировни тишласа уни кўчага ҳайдаш, йўқотиш, ўлдириш асло мумкин эмас. Агар атайлаб ўлдирилган ит танаси ветеринар кўригидан ўтказилганда унда қутуриш касаллиги аломатлари аниқланса, унинг эгаси бу ҳолатни беркитса маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ит ва бошқа ҳайвонларни боқиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилган бўлиб, агар сиз ит асрамоқчи бўлсангиз, маҳалла ва қўшнилардан уларнинг розилигини олишингиз талаб этилади. Ит боқиш ва парваришлашда ҳам шундай тартиблар борки, жониворни оч қолдириш, қийнаш, уриш ва азоб бериш мумкин эмас. Акс ҳолда итнинг иммунитети пасайиб қутуришга мойиллиги ошади.

Итларни мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, умумий овқатланиш шохобчалари, бозорлар, даволаш масканлари атрофида, шунингдек, жамоат транспортида олиб юриш ва сайр қилдириш мумкин эмас.

Дайди итларни тутиб махсус бригадага топшириш талаб этилади. Айрим кимсалар кечқурун ўз қарамоғида бўлган итини сайр қилиб келсин, деб кўчага чиқариб юборади. Ҳолбуки, кўчадаги турли дайди итлар билан юрган уй ити кўчадан зарарли ва юқумли касалликларни орттириб келиши мумкин. Шуни унутмайликки, хонадонимизда сақланаётган ит ва мушуклар фақат қутуриш касаллиги билан эмас, бошқа 30 хилдан ортиқ хавфли, юқумли ва паразитли касалликларни ҳам келтириб чиқаради. Хонадонимиздаги жониворлар соғ­лом бўлса, ўзимизнинг саломатлигимиз ҳам ишончли тарзда касалликлардан кафолатланган бўлади.

Муаллиф: Маҳмуд ШОДМОНОВ, шаҳар ДСЭНМ врач-эпидемиологи

6.10.2018 67 78 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства