samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қуроқ — бежирим ва жозибали

Чоп этиш

Қуроқ тикиш халқ амалий санъатининг алоҳида бир тури саналади. Қуроқ тикиш санъати юртимизда азалдан мавжуд бўлган.

У қадимий манбаларда ҳам тилга олингани эътиборга молик. Жумладан, Алишер Навоийнинг "Насойим ул-муҳаббат"ида, шунингдек, Ҳусайн Воиз Кошифий асарларида "мураққаъ" (қуроқ тўн, жанда) — авлиё ёки дарвешлар кийими сифатида қайд этилган.

Халқ орасида қуроқ ёки мураққаъ ўз эгасини турли бало-қазолардан сақлашига оид қараш мавжуд. Қадимдан момоларимиз турли мато парчаларидан кўрпача, ёстиқ, кўрпа, чимилдиқ, нимча ва дўппилар тиккан. Мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ўз қуроқчилик усулига эгалигини таъкидлаш лозим. Чунончи, Хоразмда, асосан, оқ ва қора рангли матолардан фойдаланилади. Бунда ҳам ўзига хос тушунча мужассам: ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида эса қуроқларнинг шакли думалоқ ва учбурчак бўлади. Ушбу ҳудудларда қизил, яшил, сариқ ва кўк рангли матолардан фойдаланилади. Вилоятимизда эса болалар либосларида учбурчак қуроқлар ишлатилган. Бу шакл туморга қиёсланиб, турли ёмон назарлардан сақласин, деган маънони англатган.

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида қуроқ санъатига доир бир қатор ноёб ашёлар сақланмоқда. Табиий матодан тикилган қуроқли либос енгиллиги, ихчамлиги ва бежиримлиги билан алоҳида ажралиб туришини таъкидлаш жоиз. Кўрпа ва кўрпачаларга мўлжалланган ранг-баранг тўртбурчак қуроқлар ҳам санъат ихлосмандларининг диққатини ўзига жалб этади.

Мамлакатимизнинг бой маданий мероси тарихида қуроқнинг кўплаб турлари мавжудлиги эътиборга молик. Апликация, гул қуроқ, хризантема, кашта қуроқ, олма қуроқ, олмали парча қуроқ ва бошқа турдагилари шулар жумласидандир. Бугунги кунгача сақланиб келинган ва айни пайтда янада оммалашиб бораётган халқ амалий санъатининг мазкур тури жаҳон моддий маданияти ривожланиши тарихида ўзига хос ўрин тутади.

Муаллиф: С. ЭГАМҚУЛОВА

11.04.2018 315 27 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства