samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қулай иш ўрни фаровонлик омили

Чоп этиш

«Samarkand Euroasia Tex¬tile» масъулияти чекланган жамияти биносида «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» ташкил этилди.

Шаҳар ҳокимлиги томонидан 2017 йил учун тасдиқланган режа-жадвалига асосан ўтказилган меҳнат ярамаркаси шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси ҳамда шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. 513 нафар касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, 674 нафар ишсиз аҳоли иштирок этган ярмаркада 112 та корхона-ташкилот 1 минг 210 та бўш, 1 минг 190 та квота иш ўринлари билан қатнашди.
— Корхонамиз 6, 9, 18, 19, 20, 45 ва 219-йўналишлар бўйича аҳолига хизмат кўрсатади, — дейди «Самарқанд йўловчи транс» шўъба корхонаси ходимлар бўлими нозири Зилола Нигматуллаева. — Айни пайтда корхонада 70 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш мақсадида барча йўналишлар бўйича автобуслар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз. Шу боис, бугунги ярмаркада ҳам 10 та бўш иш ўрни билан қатнашаяпмиз. Мазкур иш ўринларига «Д» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳнамасига эга фуқаролар қабул қилинади.
Ярмаркада иш берувчилар томонидан таклиф этилган иш ўринлари коллеж битирувчилари ва ишсиз аҳоли учун ўзига хос имконият бўлди.
— 2015 йилда Самарқанд иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирганман, — дейди фуқаро Гулчеҳра Козимова. — Турли сабабларга кўра, шу вақтгача ишсиз эдим. Бугунги ярмаркада «Восток продукт» масъулияти чекланган жамиятига ип йигирувчи бўлиб ишга жойлашиш бўйича йўл¬ланма олдим.
«Бўш иш ўринлари ярмаркаси»да аҳолига қулайлик яратиш мақсадида «Ҳуқуқий мас¬¬лаҳат столи» ташкил этилди. Унда шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимлари фуқароларнинг мутахассисликларига кўра бўш иш ўринлари мавжуд корхона-ташкилотларига йўналтиришга кўмаклашишди. Шунингдек, ярмаркада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳолининг банд¬лигини таъминлаш мақсадида тижорат банкларининг кўргазмалари ҳам ташкил этилди. Бунда банк ходимлари аҳолини тадбиркорликка йўналтиришга қаратилган имтиёзли кредит турлари ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришди.
— Ҳукуматимиз томонидан имтиёзли банк кредитлари асосида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича кенг кўламли имкониятлар яратилмоқда, — дейди «Агробанк» акциядорлик тижорат банки вилоят бўлимининг кичик бизнес субъектларини кредитлаш бўлими бошлиғи Шерқул Шарипов. — Жумладан, аҳоли шахсий томорқаларида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, кўчатчилик ҳамда ҳунармандчиликнинг барча турлари билан шуғулланиш учун уч йилгача имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда. Ёнғоқ ва лимон етиштириш учун эса 5 йилгача 1 йиллик имтиёзли давр билан кредит ажратилмоқда. Мақсадимиз аҳолини иш билан таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.
Шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази маълумотига кўра, ярмарка давомида 84 нафар фуқарога ишга жойлашиш бўйича йўлланма берилди. 314 нафар коллеж битирувчиси ишга жойлашиш бўйича тўрт томонлама шартнома имзолади.
Фуқароларнинг корхона-ташкилотлар билан эркин мулоқотини таъминлаш, ўзларига мақбул иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумот олишларига кўмаклашиш мақсадида вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи А. Усмонов, шаҳар ҳокими ўринбосари Т. Эсиргапов, шаҳар прокурори Ф. Шерйигитов ярмарка ишини бевосита кузатиб боришди.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири   

22.02.2017 1490 13 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства