samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қонун лойиҳаси муҳокамада

Чоп этиш

давра суҳбати

Самарқанд давлат тиббиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида "Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Партиянинг "Саломатлик йўлида бирлашайлик!" лойиҳаси доирасида ташкил қилинган ушбу тадбирда партия вакиллари, институтнинг профессор-ўқитувчилари, матахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда сўзга чиққан СамДТИ даволаш факультети декани С. Индиаминов, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари А. Бўрибоев, СамДТИ патологик анатомия кафедраси мудири Ф. Ҳамидова, онкология кафедраси доценти М. Каримова мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди. Соҳага оид қабул қилинаётган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур йўналишда анчадан буён ечимини кутиб қолган муаммоларга барҳам беришга хизмат қилаётганини таъкидлашди. Жумладан, "Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ҳам шу нуқтаи назардан муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этишди.

— Мамлакатимизда инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилишнинг қонуний асоси яратилаётгани аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда энг катта ютуқ бўлади, — дейди СамДТИ патологик анатомия кафедраси мудири Ф. Ҳамидова. — Маълумки, юртимизда бундай амалиётни ҳаётга татбиқ этишнинг тўлақонли имкони бўлмаганлиги боис беморлар жуда катта миқдорда маблағ сарфлаб, операцияни хорижий мамлакатларда амалга оширишарди. Бунга моддий имконияти бўлмаган беморлар эса иложсизлик туфайли оғир дард билан яшашга мажбур ёки айрим ҳолларда улар ҳаётдан эрта кўз юмушарди. Ушбу қонун лойиҳасининг қонуний кучга эга бўлиши бу борадаги муаммоларга барҳам беради.

Тадбирда қонун лойиҳасининг 8, 11, 18 ва 19-моддаларига тегишли тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, хорижнинг нуфузли тиббиёт муассасалари билан бу борада изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикрлар билдирилди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

9.05.2018 38 35 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства