samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қиз бола — оила ва жамиятнинг юзи

Чоп этиш

45-умумтаълим мактабида вилоят халқ таълими бош¬қармаси ташаббуси билан "Ўзбек қизлари қандай бўлиши керак?" мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Унда туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларининг хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раислари, умумтаълим мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчи қизлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят халқ таълими бош­қармаси хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулмира Салимова ўқувчи қизларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясини доимий равишда назорат қилиш, маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

— Қизларимизнинг ўзини тутиши, кийиниши ва одоб-ахлоқига етарлича эътибор қаратилмаётгани, назорат сусайтирилгани боис салбий ҳолатлар кузатилмоқда, — деди Г. Салимова. — Ачинарлиси, мактаб ўқувчи қизлари ўртасида миллий менталитетимизга хос бўлмаган воқеалар рўй бермоқда. Бундай ҳолатлар мактаблардаги хотин-қизлар қўмитаси раисларининг ўз ишига совуққонлиги, ота-оналар, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар билан ҳамкорликнинг йўқлиги оқибатида рўй бермоқда. Айни пайтда нохуш ҳолатларнинг олдини олишга, ўзбекона иффат, одоб-ахлоқ тамо­йилларини қизларимиз ўртасида кенг тарғиб қилишга, жамоатчилик кенгашлари эътиборини бунга қаратишга ҳаракат қилишимиз лозим.

— Мактабимизда "Қизларжон" клубини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқяпмиз, — дейди 45-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х. Зиёдуллаева. — Ушбу клубга фақатгина иқтидорли қизларни қамраб олмасдан, ўзини четга тортиб, ўқиши, таълим-тарбиясида муаммолар  кузатилаётган қизларимизни ҳам жалб этмоқчимиз. Бу, албатта, ўз самарасини беради.

Тадбирда ўқувчи қизларнинг кийинишига алоҳида эътибор қаратиш, ота-онаси хорижда бўлиб, назоратсиз қолган ёки қариндошлари қарамоғида яшаётган қизлар билан тизимли ишлар олиб бориш бўйича таклифлар билдирилди. Мутахассислар ўқувчиларнинг саволларига жавоб беришди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

12.05.2018 116 36 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства