samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қарор, фармон ва бошқа меъёрий ҳужжатлар

Чоп этиш

эл-юрт манфаатига хизмат қилади

Биз қуйида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор, фармон ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида газетхонларимизга қисқача шарҳлар асосида таништириб боришни лозим, деб топдик.

2018 йил 14 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги бос­қичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг ойликлари оширилди. Арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида барпо этилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида бериш, педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар ажратиш белгиланди.

* * *

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунинг­дек, баъзиларини ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблаш тўғрисида"ги Президент Фармони қабул қилинди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, "Микрокредитбанк" АТБ томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларига 24 ойгача энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 баробаригача миқдорда микрокредитлар бериш, шунингдек, технологик ускуналар ва техникалар сотиб олиш учун 3 йилгача энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 баробаригача миқдорида микролизинг хизматлари кўрсатиш жорий этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари учун олдинги иш жойида берилган кўп йиллик хизматлари учун кўшимча ҳақ ва устамалар, ҳарбий ва махсус унвонлар сақланиб қолиниши белгиланди.

* * *

2018 йил 10 августда Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Дастурда белгиланишича интерактив давлат хизматлари кўрсатиш имкониятларини яратиш мақсадида agro­online.uz, oziq-ovqat.uz каби веб-сайтлар фаолияти йўлга қўйилади.

* * *

2018 йил 8 августда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан "Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини адлия органлари томонидан мониторинг қилиш ва ўрганиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ, адлия органлари нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларига, устав фаолиятига, таъсис ҳужжатларига риоя этилиши, уларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалаларни ўрганади.

Низомда белгиланишича, ўрганишларнинг тўлиқ холисона ўтказилиши учун ўрганиш ўтказган адлия органининг масъул ходими шахсан жавобгар ҳисобланади.

* * *

2018 йил 10 августда Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Низом билан суюлтирилган углеводород газига бўлган эҳтиёжни аниқлаш тартиби белгиланди. Эндиликда газ таъминоти ташкилотлари ҳар йили 1 августга қадар "Ўзтрансгаз" АЖга суюлтирилган углеводород газига бўлган эҳтиёж ҳажмини даврлар (қишки, ёзги), чораклар ва ойларга ажратган ҳолда тақдим этиши керак.

* * *

2018 йил 13 августда Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, тавсия этиладиган хорижий диний таълим муассасаларининг рўйхати ҳар йили 1 январгача Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.

* * *

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги қарори билан "Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази тўғрисида"ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассислари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланган режага асосан, нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари ва жисмоний шахслар эса улар билан тузилган шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтади. Ушбу курс­ларни битирган шахсларга белгиланган намунадаги диплом берилади.

Низомга кўра, эндиликда, жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларнинг малака тоифаларини олиши (ўзгартириши) ва эгаллаб турган лавозимларига мослигини аттестациядан ўтказишда уларнинг ушбу қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат (диплом, сертификат) талаб этилади.

* * *

2018 йил 15 августда Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

 Қарорга мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланди.

Мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.

Муаллиф: А. ХОЛМУРОДОВ, вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

3.10.2018 85 76 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства