samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қалбларни забт этди мутолаа завқи

Чоп этиш

Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида "Китоб байрами" тадбирлари ўтказилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Р. Қобилов ҳамда "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф. Тошев китоб мутолаасининг жамият тараққиёти, инсон камолотидаги ўрни, бугунги китобхонлик маданияти, китоб чоп этиш ва уни тарқатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Президентимизнинг мазкур соҳага қаратаётган юксак эътиборини эътироф этишди. "Китоб байрами" юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутишини таъкидлашди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган мазкур тадбирда вилоятдаги мавжуд ахборот-ресурс марказлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари АРМлари, шунингдек, ноширлар, китоб савдосини амалга оширувчи корхона-ташкилотлар мавжуд адабиётлари билан иштирок этишди.

— Коллежимиз АРМида ўқув ва илмий адабиётлар билан бирга, 400 тадан ортиқ бадиий асар жамланган, — дейди Сиёб тиббиёт коллежи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Сарвиноз Раупова. — Қарорга мувофиқ, коллежимизда ҳам китобхонлик маданиятини ошириш, ўқувчиларни китоб мутолаасига ўргатиш мақсадида китоб тақдимотлари, турли танловларни доимий ўтказиб келяпмиз. Энг муҳими, ҳар бир ўқув йили якунида битирувчиларимиз ўзига хос акция ўтказишади. Яъни, ўзлари ўқиган энг севимли бадиий китобларини эсдалик сифатида коллеж ахборот-ресурс марказига совға қилишади. Бу ҳам қуйи босқичдаги ўқувчиларга ўзига хос ўрнак вазифасини ўтайди.

Икки кун давом этган "Китоб байрами" шоир ва ёзувчилар, ноширлар иштирокида ўтказилган қизғин учрашувлар, санъаткорлар, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг концерт дастурлари билан ҳақиқий байрам тусини олди. Боғда ташкил этилган китоблар кўргазмаси ҳам ўзига хос мутолаа масканига айланди. Бу йил ҳар бир кўргазма иштирокчиси ўз ҳудудида китоб мутолааси учун махсус жой ташкил этди. Бунда хоҳловчилар ўзларига маъқул адабиётларни ўқиб чиқиш имконига ҳам эга бўлишди.

— Китоб мутолааси менинг энг севимли машғулотим, — дейди СамДУ талабаси Улуғбек Абдухолиқов. — Айниқса, тарихий ва бадиий асарларни севиб ўқийман. Яқинда Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романини ўқиб чиқдим. Бугунги байрам баҳонасида кўргазмага қўйилган кўплаб тарихий асарлар, маълум жой ва номлар тарихига оид адабиётлар билан танишдим. Келгусида харид қилиш керак бўлган адабиётлар рўйхатини тузиб олдим.

Ноширлар, китоб савдосини амалга оширувчи тадбиркорлар ва ташкилотчилар томонидан ўтказилган викториналар, акциялар "Китоб байрами"га ўзгача кўтаринкилик бағишлади. Тадбир давомида ўтказилган танловлар ғолибларига қимматбаҳо совға — китоблар жамланмалари топширилди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

26.05.2018 233 40 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства