samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Қадим масканнинг садоқатли фарзанди

Чоп этиш

Касбимиз тақозосига кўра биз, мухбирлар ҳаётда рўй берадиган кўпгина тарихий воқеаларнинг шахсан иштирокчиси бўлиб турамиз.

Масалан, Самарқанд шаҳри тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган қутлуғ кун — 1996 йилнинг 18 октябрини олайлик. Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалининг тантанали очилиши ҳақида воқеа содир бўлган жойдан кўчма радио-станция орқали тўғридан-тўғри репортаж олиб бориш Ўзбекистон радиосининг Самарқанд вилоятидаги ўз мухбири сифатида менга ва таниқли журналист Тожиддин Қамаровга юклатилган эди.

Тантанали митингни ўша пайтдаги вилоят ҳокими Алишер Мардиев кириш сўзи билан очди. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов митингда нутқ сўзлаб, Амир Темур салтанатининг пойтахти бўлган Самар­қанд­ни «Миллатимиз довруғини бутун оламга таратган илоҳий масканимиз, ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир», деб атаб, унинг байроғига «1»-рақамли Амир Темур орденини тақиб қўйган ва 18 октябрни ҳар йили Самарқанд шаҳри куни сифатида байрам қилишни таклиф этганди. Шундай қилиб юртимиздаги байрамлар сони яна биттага ортганди.

Олимларимиз томонидан кашф этилган янги сайёрага Ислом Каримов таклифига кўра «Самар­қанд» номининг берилишию, у кишининг яна бир ташаббуси билан бу азим шаҳарнинг юраги ҳисобланган Регистонда ҳар икки йилда бир марта «Шарқ тароналари» хал­қаро мусиқа фестивалининг мунтазам ўтказиб турилиши ҳам она шаҳри — Самарқанд номини жаҳон бўйлаб дилларга ва элларга абадий муҳрлаб қўйди.

Ён дафтаримда Самарқанд ҳаёти билан боғлиқ яна бир оламшумул тарихий воқеа қайд қилинган. 1998 йилда бутун мусулмон оламининг диққати Самарқандга қаратилган эди. Ўша йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Самарқанд вилояти бўйлаб сафари давомида буюк ҳадисшунос Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллигига кўрилаётган тайёргарлик, шу йўналишдаги ишларга алоҳида аҳамият бериб, Пайариқ туманидаги Ҳартанг қишлоғида қурилаётган ёдгорлик мажмуасида бўлди. Миллийлик ва замонавийлик уйғунлаштирилиб қилинаётган қурилиш Ислом Каримов томонидан муносиб, холисона таҳлил этилди.

У табаррук мажмуанинг тантанали очилишида оташин нутқ сўзлади. Бутун мусулмон оламидан ташриф буюрган меҳмонларни қутлади ва шу ерда улар учун қабул маросими ўтказди.

Бугунги кунда Ислом Каримовнинг содиқ шогирди — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажмуада яна бир хайрли ишга бош-қош бўлиб турибди. Имом ал-Бухорий халқаро илмий марказини барпо этиш ғоясини олға суриб, унга бутун дунё эътиборини қаратмоқда.

Ҳа, у кишининг шахсан эътибори, ғамхўрлиги билан бугунги кунда Самарқанд ҳам республикамизнинг бошқа шаҳарлари қатори катта қурилиш ва ободонлаштириш майдонига айланган. Кишилар кўз ўнгида қадимий шаҳар кундан-кунга чирой очаётир.

Шу ўринда бир-иккита мисол келтириб ўтмоқчиман. Шаҳарнинг марказий маданият ва истироҳат боғи илгари шовқин-суронли, атрофи бино ва иншоотлар билан ўраб олинган, кабоб дуди ва ҳиди анқиб ётган бир жой эди. Самар­қанд шаҳридаги ободончилик ишлари билан танишган Ислом Каримов ушбу боғ қиёфасини ҳам тубдан ўзгартириш лозимлигини айтиб, ўз кўрсатма ва тавсияларини берганди. Шундан сўнг бу ерда боғни ташкил этиш ва ободонлаштириш ишлари қизғин бошлаб юборилди. Боғнинг тўрт тарафида рамзий дарвозалар қурилди ва энг катта янгилик — боққа ҳазрат Навоий ҳайкали қўйилиб, маскан шоир номи билан аталадиган бўлди. Боғ қаршисидаги хиёбон ҳам кенгайтирилиб, унинг бағрига «Дунёни шодлиги йиғилса бутун, дўстлар дийдоридан бўлолмас устун», деб башорат қилган буюк шоир Рудакийнинг ҳайкали ўрнатилди.

Университет хиёбонини айтмайсизми?! Самарқанднинг кўркига кўрк қўшиб турадиган бу машҳур хиёбонни қайта тиклаш, уни янада сўлим масканга айлантириш Ислом Каримовнинг бевосита таклифлари билан амалга оширилди.

Хуллас, Самарқанд шаҳрига бундан 15-20 йил олдин келиб-кетган меҳмон ҳозир яна келадиган бўлса, уни танимаслиги турган гап. Чунки Амир Темур мақбарасини тўсиб турган ароқ заводи, Регистон атрофида савлат тўкиб турадиган бе­сўнақай музей бинолари олиб ташланиб, улар ўрнида сўлим хиёбонлар ташкил этилди.

Улуғбек расадхонаси ҳамда Хўжа Дониёр мажмуасига шаҳар марказидан иккита айланма равон йўл билан ҳам келасиз. Қадимий Сиёб бозори, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, аэропорт, темирйўл вокзали ҳудудларида, Мирзо Улуғбек, Беруний, Даҳбед, Панжакент, Бўстонсарой, Рудакий кўчаларидаги улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, бунинг учун қўли гул қурувчиларга минг-минг раҳматлар айтамиз.

Шаҳар марказидаги Кўксарой майдони ўз номига яраша ҳолатга келтирилди. Унинг бағридаги фавворалар ёз мавсумида чор атрофга салқинлик, гўзаллик таратиб турибди. Руҳобод ёдгорлиги атрофидаги кенг қўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кимни ҳам қувонтирмайди дейсиз.

Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳарга айлантиришга қаратилган кўп қиррали ишлар натижасида Биринчи Президентимиз Ислом  Каримов орзу қилганидек, Самарқанд йил сайин эмас, кундан-кунга яшариб, гўзаллашиб бораверади.

Бугун самарқандликлар бутун Ўзбекистон халқи билан биргаликда буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг саксон йиллигини кенг нишонлаб, унинг мақбарасини зиёрат қилиб, қадим Регистон майдонида қад кўтариб турган ҳайкали қаршисида таъзим қилар эканлар, асл фарзандининг бутун ҳаёти халқига хизмат қилиш билан ўтганлигини қайта-қайта тилга олмоқдалар.

Муаллиф: Облоқул УСМОНҚУЛОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби

3.02.2018 675 8 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства