samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ҚАТЪИЯТ ВА ИРОДА — ШОҲСУПАГА ЙЎЛ

Чоп этиш

Энг муҳими, салоҳиятли ёшлар туфайли халқаро майдонларда юртимиз байроғи сарбаланд ҳилпирамоқда.

Қаҳрамонимиз, эндигина 17 баҳорни қарши олган Шаҳзод Жумақулов ҳам юрт довруғини дунёга таратишни ўз олдига мақсад қилган. Шаҳзод ёш бўлишига қарамасдан, спорт гимнастикаси бўйича салмоқли натижаларга эришишга муваффақ бўлган.

—     7 ёшимдан бошлаб шаҳримиздаги спорт гимнастикаси бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактабида шуғулланишни бошлаганман, — дейди Шаҳзод. — Дастлаб мураббий И. Саади қўл остида трамполин сир-асрорларини ўрганишни бошлаганман. Спортнинг ушбу тури бўйича вилоят чемпионатида ғолиб ва совриндорликка эришдим. 2011 йилдан эса спорт гимнастикасининг акробатика тури билан шуғулланиб келяпман. Акробатика бўйича маҳоратимни сайқаллашда мураббийим Х. Жўраев ўз маслаҳатларини аямаяпти.

Акробатикада жуфтлик мусобақаларида қатор ютуқларга эришган Шаҳзод 2015 йилдан бошлаб 4 спортчидан иборат жамоа таркибида мусобақаларда иштирок этяпти. У ўтган йиллар мобайнида жамоаси таркибида Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида ғолиб бўлди.

Шаҳзод халқаро майдонларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётганини эътироф этиш жоиз. 2015 йилда Қозоғистоннинг Павлодар шаҳри мезбонлик қилган хал­қаро турнирда Шаҳзод жамоаси билан бронза медалини қўлга киритди. 2017 йил эса қаҳрамонимиз учун том маънода омадли бўлди. У Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида жамоадошлари билан қитъа биринчилигининг ғолиблигини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

—     Ота-онам, мураббийларимнинг бевосита кўмаги, маслаҳати билан спортда юксак натижаларга эришяпман, — дейди Шаҳзод. — Бу билан кифояланиб қолмоқчи эмасман. Мақсадим жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жаҳон чемпионлигига эришиш, юртим байроғини юксак кўтаришдир. Бунинг учун биз, спортчиларга давлатимиз томонидан зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Олдимизга қўйилган асосий талаб эса ўз устимизда тинмасдан ишлаш, кеча эришилган натижаларга маҳлиё бўлмаслик, янги-янги марраларни забт этишдан иборат. Бунда бизга ёшликнинг сўнмас шижоати ва ғайрати, устозларимизнинг ўгитлари асқатиши шубҳасиз.

 

Муаллиф: Салом ҲАКИМОВ

30.06.2018 173 50 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства