samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ҚАЛБГА ОРОМ ФАВВОРАЛАР

Чоп этиш

1 май куни шаҳримизда анъанавий Фавворалар сайли ўтказилди.

Самарқанд аҳли ва меҳмонлари, хушовоз хонандалар, фан ва маданият ходимлари, шоиру ёзувчилар, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг тарбияланувчилари, таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талаба ва ўқувчилар сайл иштирокчилари бўлишди.

Эътибор берган бўлсангиз, шаҳримизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари давомида муҳташам бино ва иншоотлар, истироҳат боғлари ён-атрофида, албатта, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин фаввора ҳам бунёд этилмоқда. Бундан бир неча ой олдин ҳозирги Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилган майдон панжаралар билан ўралган, бир неча аттракционлар жойлашган, кўримсизгина жой эди. Дўсту қардош, устоз-шогирд бўлган алломаларга эҳтиром сифатида ҳайкал ўрнатилиши муносабати билан ушбу ҳудудда бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Муҳташам ҳайкал атрофида, албатта, фавворалар ҳам барпо этилди. Бир-бирига ҳамоҳанг бу гўзалликдан нафақат самарқандликлар, балки шаҳримиз меҳмонлари ҳам баҳраманд бўлишмоқда. Дарҳақиқат, фаввора барпо этиш буюк аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган шарқона бунёдкорлик намунасидир. Зеро, соҳибқирон Амир Темур боғларида ҳам бир-биридан муҳташам фавворалар бўлганлиги тарихий манбалардан бизга маълум.

Фавворалар сайли муносабати билан Кўксарой майдони, Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи, Университет хиёбони, Амир Темур майдони, Самарқанд темирйўл вокзали, Шоирлар боғи ҳамда Регистон ва Даҳбед кўчалари кесишмасидаги рангли ва мусиқали фавворалар атрофида турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хушовоз хонандалар ижросида концерт дастурлари, шоиру шеърият ихлосмандлари иштирокида шеърхонликлар ўтказилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчиларининг ашула ва рақслари барчага хурсандчилик улашди.

Фаввораларнинг атрофи кексаю ёш самарқандликлар ва шаҳримиз меҳмонлари билан гавжум бўлди. Мавжланиб осмонга отилаётган фаввораларга тикилган кўзларда мануният, бугунги дориламон кунлардан шукроналикни ҳис этиш мумкин.

— Дилларга хушнудлик улашувчи фаввораларни сайр этиш одатимга айланган, — дейди Самарқанд туманидаги "Янги ариқ" маҳалласида истиқомат қилувчи отахон Омон Холиёров. — Фавворалар сайлига набираларим билан чиқдик. Кўкка отилаётган фавворалар атрофида киши ўзини хотиржам ҳис этади, гўёки, дардлардан фориғ бўлгандек енгил тортади. Қалб­даги ғуборлар ариб, майин янграб турган наволардан руҳ ва тана ҳузурланади. Бундай фараҳбахш дамларда тинч ва осуда юртда яшаб, умргузаронлик қилаётганинг учун Яратганга шукроналар айтасан.

Сайил ярим тунгача давом этди. Фаввораларнинг атрофи кечга бориб кундузгидан-да гавжум бўлди. Самога камалакранг бўлиб талпинаётган фавворалар барчанинг қалбига унутилмас завқ улашди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

2.05.2018 205 33 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства