samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ғарб адабиёти ва Соҳибқирон

Чоп этиш

Адабиёт оламида шундай ижодкорлар борки, улар дунё тарихида из қолдирган буюк шахслар ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиб, сара асарлар яратган ва бу асарлари орқали мангу яшаб келишмоқда.

Публицист, мунаққид, адвокат ва ёзувчи Марсель Брион шундай ижодкорлар сирасидандир. Унинг қаламига мансуб «Менким, Соҳибқирон жаҳонгир Темур» асарининг шуҳрати ҳеч қачон йўқолмайди.

Асар дастлаб 1942 йилда, қайта ишланган талқини эса 1963 йилда нашр қилинган. Ушбу асарда буюк бобокалонимизнинг туғилишидан тортиб Хитой сафарига отланишигача бўлган воқеалар акс эттирилган. Кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган асарда Соҳибқирон бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти атрофлича ёритилган. Буюк Бобокалонимиз бошқа давлатлар билан сиёсий, савдо ва маданий алоқа ўрнатишни тараққиётнинг асоси, деб билган. Чунончи, Султония епископи Иоанн де Галонифонтибус ўз эсдаликларида «Самарқандда Испания элчиси Клавихони ҳурмат-эҳтиром билан қабул қилиб, ундан: «Бизнинг севимли ўғлимиз — Кастилия қиролининг аҳволи қандай?» — деб сўраганини ўзим эшитдим», дея таъкидлаган. Марсель Брион епископнинг эсдаликларини Франция Миллий кутубхонасидан топган.

Асарда Соҳибқироннинг она Ватанга меҳри ва давлат раҳбари сифатидаги олиб борган сиёсати, саркарда сифатидаги жасорати маҳорат билан тасвирланганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, Амир Темурнинг диний ва дунёвий билим эгаларини ҳурмат қилгани, бу борада Соҳибқирон юксак салоҳиятга эга экани, бун­ёдкорлик ишларини мунтазам олиб боргани муфассал баён этилган.

Француз адиби Амир Темур шахси ва давлат арбоби ҳамда саркарда сифатидаги фаолиятига ҳаққоний баҳо бериб ёзган асари кенг жамоатчилик ўртасида шуҳрат қозонди. Албатта, бу ёзувчи меҳнатига берилган юксак баҳодан далолатдир.

Ўйлаймизки, ўзбек ёзувчилари, драматург ва киноижодкорлари бундан-да мукаммал ва бетакрор асарлар яратиб, халқимиз хоҳиш-истагини амалга оширишади.

Муаллиф: Шуҳрат ТИЛАШОВ, СамДЧТИ академик лицейи тарих фани ўқитувчиси, Самижон ЖЎРАҚУЛОВ, академик лицей ўқувчиси

22.02.2018 114 14 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства