samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Яшариш айёмига тайёргарлик бошланди

Чоп этиш

Бугун юртимиз бўйлаб фасли навбаҳор нафаси кезмоқда. Айни пайтда шаҳару қишлоқларда яшариш ва эзгулик айёми — Наврўзи оламга тайёргарлик бошлаб юборилди.

Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 23 февралдаги «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ва вилоят ҳокимининг қарори ва шу асосдаги йиғилиш баёнидан келиб чиққан ҳолда, шаҳримизда ўтказиладиган умумхалқ сайилларига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

—     «Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» деган ғояни ўзида мужассам этган байрам тадбирлари Самарқанд шаҳридаги кўча, боғ ва хиёбонларда ташкил этилади, — дейди шаҳар ҳокимлиги етакчи мутахассиси Даврон Довуров. — Ислом Каримов кўчаси, «Сўғдиёна» маданият ва истироҳат боғи, Амир Темур хиёбони ва Рудакий майдони, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, вилоят мусиқали драма театри биносининг олди, Кимёгарлар, Сўлим, Фарҳод қўрғонларида сайиллар бўлади. Ҳар бир ҳудудда ўтказиладиган байрам сайилларининг бош ғояси белгилаб берилган. Тадбирлар ана шу ғоялар асосида тайёрланган сценарий асосида ташкил этилишини таъкидлаш жоиз.

Шаҳар ҳокимлигининг чора-тадбирлар режасига кўра, Ислом Каримов кўчасида ташкил этиладиган са­йилда вилоятимизда фаолият олиб бораётган бадиий жамоалар ва санъаткорлар чиқиш қилади. «Сўғдиёна» маданият ва истироҳат боғидаги байрам тадбирида фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, халқ бахшилари, эстрада хонандаларининг чиқишлари, боқий анъана ва қадриятларимизга бағишланган саҳна кўринишлари, миллий либос ва маиший буюмларнинг кўргазмаси, спорт ўйинлари намойиш этилади.

Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида Амир Темур хиёбонида варрак учириш тадбирлари бўлиб ўтади. Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи ва унинг атрофидаги сайилда Наврўз байрамида тайёрланадиган миллий таомлар кўргазмаси бўлади. Рудакий майдонида миллий спорт турлари бўйича беллашувлар ҳамда кўргазмали чиқишлар ташкил этилиши белгиланган.

Байрам сайилларида минг йиллардан буён яшаб келаётган миллий удум ва анъаналаримизни юртдошларимизга, хусусан, ёшларга намо­йиш этиш ҳам режалаштирилган. Жумладан, «Келин салом» маросими, «Қизлар давраси» (рақс ва лапарлар), ҳудудларга хос анъана ва урф-одатлар асосидаги саҳна кўринишлари, миллий спорт ўйинлари байрам иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинади.

Вилоят мусиқали драма театри биносининг олдида қадимий халқ қўшиқлари ижрочилари беллашувлари ўтказилади, «Алпомиш» ва «Гўрўғли» каби халқ достонларининг саҳналаштирилган томошалари намойиш этилади. Кимёгарлар, Сўлим ва Фарҳод қўрғонларидаги тадбирларда шаҳардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ходимлари томонидан концерт бўлади.

Наврўз сайиллари ўтказиладиган жойлар байрамона безатилади, шиор осилади, махсус чорпоялар ўрнатилади, меҳмонлар учун жойлар тайёрланади. Шунингдек, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Жумладан, ҳудудларда дов-дарахтлар оқланади, уларга шакл берилади, турфа хил гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. 

Наврўз сайиллари ўтказиладиган жойларда сумалак, кўксомса, ҳалим каби баҳорий таомлар, ош тайёрланиб, байрам дастурхонлари ёзилади. Байрам дастурхонига «SOS – болалар маҳалласи» ва Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, талаба ёшлар, турли корхона ва ташкилотлар ходимлари таклиф этилади.

Сайилларда Самарқандда фаолият юритаётган миллий маданий марказ вакиллари ўз санъатларини намойиш этишади. Байрам муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийлари, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз кексалар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва бошқа меҳрга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинади. Уларга байрам совғалари улашиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда байрамни, тинч ва хотиржам, кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланган.

Умуман, бугун шаҳримизда Навр­ўзга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Бундан кўзланган асосий мақсад бу йилги байрам сайлини ҳар йилгидан-да кўтаринки руҳда, юқори даражадаги кайфият билан ўтказишдир.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, «Samarqand» мухбири

28.02.2018 307 16 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства