samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Янги йилда янги бинода

Чоп этиш

3-туғруқ мажмуасининг гинекология бўлими замонавий бинода фаолият бошлади.

Айни пайтгача мазкур туғуруқ мажмуасининг акушерлик ва гинекология бўлимлари бир жойда фаолият юритаётган эди. Бу белгиланган меъёрий талабларга умуман тўғри келмасди. Яна бир эътиборли томони шундаки, муассаса маъмурияти учун махсус хизмат хоналарининг йўқлиги боис, улар бинодаги мослаштирилган палаталардан бирида ишлашга мажбур эди.  2017 йил инвестиция дастурига киритилган мажмуанинг анчадан бери фойдаланилмай келинган биноси 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига капитал таъмирланди. «Пардозлаш ишлари бошқармаси» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида  мажмуада замон талабларига мос шароитлар яратилди.

— Эллик йилдан ортиқ ушбу мажмуада доялик қилдим, — дейди пенсионер Меҳри Умурова. — Бизнинг даврдаги тиббий хизмат билан бугунгисини солиштириб бўлмайди. Ҳозир фойдаланилаётган замонавий асбоб-ускуналар самарали тиббий хизмат кўрсатишни таъминламоқда. Гинекология бўлимида яратилган шароитни кўриб, қувондим. Қани энди имконим бўлса, мана шундай шароитларда ишласам.

Қирқ беш ўринга мўлжалланган янги бўлимда ультратовуш текшируви, кольпоскопия, ЭКГ, таҳлилхона, кичик операция хоналари ташкил қилинган. Шунингдек, қабул бўлими, кўрик ва муолажа хоналарининг барчаси зарур тиббий ускуна, мебель, жиҳоз ва дори-дармонлар билан таъминланган.

— Шу вақтгача етарли шароитнинг йўқлиги боис, фаолиятимизда турли муаммолар юзага келарди, — дейди мажмуа бош шифокори Лола Ҳамроева. — Янги бўлимнинг фаолият бошлагани ишимизни тартибли, самарали ташкил этишга хизмат қилади. Энг муҳими, 2018 йил инвестиция дастури бўйича мажмуамизнинг акушерлик бўлими биноси ҳам капитал таъмирланиб, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланади. 2018 йил охиригача мажмуамиз тўлиқ замон талабларига мос туғуруқ мажмуасига айланади.

3-туғуруқ мажмуасидаги тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов иштирок этди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

8.01.2018 323 1 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства