samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁРГАРЛИК

Чоп этиш

34-умумтаълим мактабида ШХТБ ташаббуси билан "Халқ таълими муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича Ҳаракат дастури"нинг умумтаълим мактабларидаги ижросини таъминлаш ва айни пайтда олиб борилаётган ишларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Соҳа мутасаддилари, таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этган тадбирда шаҳар ҳокими Фур­қат Раҳимов сўзга чиқиб, таълим-тарбия жараёнларини ҳар томонлама ривожлантириш, авваламбор, ўқув йилига пухта тайёргарлик кўришга боғлиқ эканлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳар бир умумтаълим мактабининг мутасадди раҳбари масъулиятни чуқур ҳис этиши лозимлигини қайд этди.

Шундан сўнг шаҳар халқ таълими бўлими мудири Хуршид Ҳожиқулов янги ўқув йили олдидан шаҳар умумтаълим мактабларида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Таъкидланганидек, ўқув йили олдидан шаҳримизда инвестиция дастури асосида 1 та 216 ўринли янги умумтаълим мактаби қурилиб, 6 та муассасада, жумладан, 43 ва 72-умумтаълим мактабларида реконс­трукция, 16, 24, 47 ва 56-умумтаълим мактабларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 32 ва 68-умумтаълим мактабларида 12х24 ҳажмдаги спорт заллари қурилмоқда. Мазкур объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига жами 21 миллиард 511 миллион сўм маблағ йўналтирилган.

"Обод маҳалла" дастури доирасида 57-умумтаълим мактабининг 96 ўринли янги филиали қурилиши кўзда тутилган ва унга 3 миллиард 488 миллион сўм сарфланади.

Шаҳар халқ таълими бўлимига бюджетдан ажратилган 370 миллион сўм, шаҳар ҳокимлигидан ажратилган 160 миллион сўм, мактабларда ташкил этилган ота-оналар ҳомийлик ва васийлик кенгаши томонидан ҳомийлик ёр­дами сифатида берилган жами 1 миллиард 955 миллион сўм умумтаълим мактабларининг бино ва иншоотларини ўқув йилига тайёрлаш учун сафарбар этилмоқда.

Тадбирда жорий йилнинг 15 августига қадар барча мактабларда таъмирлаш ва реконструкция ишлари якунланиб, дарсликлар билан тўлиқ таъминланиши кўзда тутилаётгани маълум қилинди. Муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Тадбир иштирокчилари 34-умумтаълим мактабидаги янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари билан танишишди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

4.08.2018 261 61 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства