samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Юксак марраларни кўзлаб

Чоп этиш

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозимлигини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ўзгаришлар юз бермоқда. Айниқса, мазкур йўналишдаги ислоҳотларда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида шу масалага тўхталиб, она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этаётгани, 2018 йилда 46 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлари ташкил этилиши, улар замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадр­лар билан таъминланишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари диний экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича ишлар янада такомиллаштирилишини қайд этди. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, мазкур жараёнда ижтимоий иш йўналиши бўйича мутахассислар фаол иштирок этиши лозим. Зеро, бу борадаги чора-тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш соҳа ходимларининг бурчи саналади.

Бугунги кунда Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакатидир. Ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида туб ислоҳотлар ўтказилмоқда. Бу имкониятлардан унумли фойдаланаётган тенгдошларимиз илм-фан, маданият ва санъат, спорт ва бошқа бир қатор соҳаларда янги-янги марраларни забт этмоқда.

Ижтимоий соҳа назардан четда қолдириб бўлмайдиган соҳадир. Ҳар бир давлатнинг қай даражада ривожланганлиги ижтимоий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий сиёсати билан белгиланади.

Бугунги кунда дахлдорлик ҳисси билан яшаш жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги муҳим вазифа ва замон талабидир. Биз, ёшлар ҳам эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишимиз, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз ва давлатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз, доимо юксак марраларни кўзлашимиз лозим.

Муаллиф: Моҳигул ОЧИЛОВА, СамДУ ижтимоий- иқтисодиёт факультети талабаси

20.01.2018 234 5 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства