samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЮКСАК ҒАЛАБАЛАР ПОЙДЕВОРИ

Чоп этиш

Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда келажак авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Фарзандларимизнинг жисмонан бақувват, маънан баркамол бўлиб вояга етишларида жисмоний тарбия ва спорт муҳим ўрин тутади.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шароит ва инфратузилмани яратиш, спортчиларимизнинг халқаро ареналарда муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимиз спорти йилдан-йилга тараққий этиб бораётган давлатлар орасидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 мартдаги "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони тизимни сифат нуқтаи назаридан янги босқичга кўтариш ва янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Ушбу фармон соҳа ходимлари томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинганини таъкидлаш жоиз.

— Тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар спортдаги салоҳиятимиздан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётганди, — дейди Самарқанд давлат университети жисмоний маданият назарияси ва методикаси кафедраси мудири, профессор Жўрақул Эшназаров. — Жойларда жисмоний тарбия ва спорт бошқарувининг самарали яхлит тизими мавжуд эмаслиги ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштиришни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва тарғиб қилишни таъминламаётганди. Фармон ўз вақтида қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш керак. Бинобарин, ҳужжатда соҳа учун малакали мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказининг Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида филиалларининг ташкил этилиши айни муддао бўлди. Бу ҳудудларда ҳам соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизими янада яхшиланишидан далолат беради.

Ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолияти йўлга қўйилади. Спортчиларнинг машғулотларни юксак савияда ўтказиши, мусобақаларда юқори натижаларга эришишида эпикировкалар ва жиҳозлар муҳим ўрин тутади. Ушбу жиҳатга ҳам фармонда алоҳида эътибор қаратилган. Чунончи, спорт кийимлари анжом ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш мақсадида пойтахт ҳудудида "Спорт" эркин иқтисодий зонаси ўз ишини бошлайди. Ушбу жараёнга жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ҳам жалб қилинади.

— Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ташкил этилгани айни муддао бўлди, —  дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. — Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жам­ғармаси, унинг ҳудудий бўлинмаларининг ташкил этилиши соҳада янги ривожланиш босқичини бошлаб берди. Бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, ҳудудий жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига бўйсунадиган, жам­ғарма ҳисобидан молиялаштириладиган шаҳар ҳамда туманлар жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шаҳар ва туманлар спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларининг ягона тақвим режалари тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланиши ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортни янада тараққий эттиришга замин яратади. Самарқанд туманида бунёд этиладиган универсал олимпия тайёргарлиги ва халқаро мусобақалар ўтказиш маркази вилоятда иқтидорли ва малакали спортчиларни тайёрлаш, республика ва халқаро даражадаги мусобақаларни ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

— Ҳужжатда келажагимиз ворислари ҳисобланмиш фарзан­д­ларимиз спорт билан мунтазам равишда шуғулланишларига доир чора-тадбирларни такомиллаштиришга, қишлоқ ва чекка ҳудудларда болалар спорти объектлари тармоғини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги таҳсинга лойиқ, — дейди шаҳар 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Бекзод Пўлатов. — Шунинг­дек, умумтаълим мактабларида ўқувчилар орасидан истеъдодли ёшларнинг саралаб олиниши белгиланди. Бундан ташқари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спорт захирасини шакллантириш мақсадида синфдан ташқари спорт тўгараклари машғулотларини ҳафтасига камида 4 соатдан ташкил этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу чора-тадбирлар болаларнинг келгусида минтақавий спорт мусобақаларида иштирок этишига, дарсдан бўш вақтларини янада мазмунли ўтказишга катта ёрдам беради.

Мухтасар айтганда, ушбу фармон жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа биринчиликларидаги ғалабали одимларимизни давом эттириш, пировардида, соғлом ва ҳар томонлама етук авлодни тарбиялашимизга хизмат қилади.

Муаллиф: Салом ҲАКИМОВ

7.05.2018 107 34 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства