samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЮКСАК МАРРАЛАР АСОСИ

Чоп этиш

ЁШЛАР МАРКАЗИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНИНИНГ 26 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМ БЎЛИБ ЎТДИ.

Вилоятимиз давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фаол ёшлар иштирок этган тадбир қалбларни ифтихорга тўлдирувчи, юксак марралар, буюк келажак сари руҳлантирувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э. Турдимов байрам тантанасини очди ва йиғилганларни байрам билан қутлади.

— Ҳар бир давлатнинг асосини унинг Бош Қонуни — Конституцияси ташкил қилади, — деди вилоят раҳбари. — Бугун 26 йиллиги нишонланаётган Конституциямиз миллий давлатчиликни бун­ёд этиш, демократик тамойилларга таянган ҳолда сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини белгилаб берди. Унда ифодаланган ғоя ва мақсадлар жамиятимизнинг, халқимиз манфаатининг устуворлиги, одамларимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу-нияти, ҳуқуқ ва эркинликлари, маънавий-ахлоқий қадриятларини ифодалагани билан алоҳида аҳамиятга эга. Бундай юксак байрамлар арафасида йил сарҳисоби унинг мазмун-моҳиятини янада теранроқ акс эттиради.

Кейинги икки йилда вилоятимизда ҳам давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳисобланган халқимизни рози қилиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Республика инвестиция дастури асосида 84 та ижтимоий соҳа объектида реконс­трукция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастурлари асосида 34 та маҳалла ва қишлоқларимизда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бу ҳудудларда замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқлари яратилди. Янги йўллар барпо этилди, аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 62 та массивда 2349 та уй-жойлар бунёд этилиб, аввало, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг турар-жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми юксак савияда ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишланган мазкур тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида тинч­лик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кучайтириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.

Ўз навбатида, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ишларга катта қизиқиш билдирди. Бу ҳам Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришнинг мустаҳкам қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётганидан далолат беради.

Тадбир давомида Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги қарори асосан таъсис этилган "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан тақдирланган вилоятимизнинг 38 нафар фаол, ташаббускор ва фидойиларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

— Қарийб йигирма йилдан бери маҳалла тизимида меҳнат қиламан, — дейди "Ўрта Хўжа Саъд" маҳалла фуқаролар йиғини раиси, "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони соҳиби Аминжон Жаводов. — Айни пайтда маҳалламиздаги 976 та хонадонда 4070 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳамжиҳатлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тегишли ташкилотлар билан мунтазам равишда тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқдамиз. Натижада кейинги йилларда маҳалламизда салбий ҳолатлар кузатилмади. Бу маскан шаҳримизнинг обод гўшаларидан бирига айланиб бормоқда. Фуқаролар ҳамжиҳат бўлса ҳар қандай муаммога ечим топилади. Жумладан, яқинда маҳалла аҳли билан ҳамкорликда ҳашар уюштириб, 1-гуруҳ ногирони Рустам Расуловга уй қуриб бердик. Маҳалланинг иноқлиги сабаб яна бир оила етарли яшаш шароитига эга бўлиб, турмушига файз кирди. Бугунги мукофот ҳам маҳалламизнинг яна бир ютуғи, деб биламан. Бу бизнинг масъулиятимизни ошириб, янада шижоат билан фидойилик кўрсатишга ундайди.

Давлатимиз Бош Қомусининг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбири республика ва вилоятимиз санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди. Эл суйган санъаткорлар, ёш хонандаю созандалар ва рақс дасталарининг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, "Samarqand" мухбири

8.12.2018 114 98 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства