samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Эътиборталаб зиёратгоҳлар

Чоп этиш

Шаҳримизга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошганлиги кузатилмоқда.

Бунинг турли сабаблари бор: кимдир тарихий обидалар билан танишиш истагида бўлса, бошқа биров маҳаллий халқ турмуши, урф-одатлари билан яқиндан танишишни истайди. Очиғи, шаҳримиздаги зиёратгоҳлар кейинги йилларда янгича қиёфа касб этиб, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилганлиги сабабли сайёҳларни ўзига кўпроқ жалб этмоқда.

Агар, сайёҳлик масканларини санайдиган бўлсак Имом ал-Бухорий мажмуасидан Амир Темур мақбарасигача бўлган оралиқда ўнга яқин мақбара, мажмуа, музей каби сайёҳлик масканлари ўрин олган. Аксарият меҳмонлар ана шу қадамжоларни зиёрат қилиб қайтишади. Аслида Самарқанднинг сайёҳлик имконияти фақат зиёратгоҳларга ташриф буюриш билан белгиланмайди-ку!

Бугунги кунда маҳаллий ва халқаро сайёҳлик тизимининг янги йўналишларини белгилаш ва уларда замонавий сервис хизматини жорий этиш вақти келди. Юқорида тилга олинган қадамжолар зиёрати учун бир-икки кун кифоя қилади. Хўш, сайёҳни яна бир-икки кун Самарқандда "ушлаб туриш"нинг қандай имкониятлари бор? Сайёҳларнинг ҳаракати фақатгина Самарқанд зиёратгоҳлари билан чекланиб қолаётганлиги бу соҳадаги жиддий муаммолардан биридир. Негаки, шаҳримизга тез-тез ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам борки, улар учун ҳамиша бир хил йўналишда ҳаракатланиш зерикарли туюлади. Уларга қўшимча йўналишлар ва хизматлар таклиф этиш учун шаҳримиз ва вилоятимизда имкониятлар етарли. Хусусан, шаҳримиздаги барча зиёратгоҳлар ҳам сайёҳлик йўналишига киритилмаган. Ушбу йўналишдан ўрин олган зиёратгоҳлар ҳам негадир сайёҳлик хизмати ташкилотчилари эътиборидан четда қолмоқда. Шундай зиёратгоҳлардан бири Самарқанд туманидаги Хожа Аҳрори Вали мажмуасидир. Ташқи кўринишидан Шердор мадрасасини ёдга солувчи, шарқона безаги ва маҳобати билан кўпчиликнинг эътиборини тортадиган ушбу масканга негадир саёҳатчилар камроқ ташриф буюришади. Ҳолбуки, ушбу маскан тарихи ва маънавий аҳамияти жиҳатидан шаҳардаги шу каби зиёратгоҳлардан асло қолишмайди. Ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам камчилик кўзга ташланмайди. Бунинг устига бу маскан шаҳар марказидан атиги 2-3 чақирим нарида жойлашган, холос. Бизнингча, ушбу зиёратгоҳга ҳам маҳаллий ва хорижий меҳмонларни кенг жалб этиш учун тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш талаб этилади. Негаки, ушбу мажмуа ўз аҳамиятига кўра Самарқанд­даги қадамжолар орасида алоҳида мавқега эга.

Шаҳримизда эътибордан четда қолаётган яна бир зиёратгоҳ Садриддин Айний кўчаси бўйида жойлашган Хожа Абду Дарун мажмуидир. Ушбу маскан ҳам сайёҳлар йўналишига асосий қадамжо сифатида киритилиб, бу ҳақда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилса, унинг тарихи, маънавий ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сайёҳларга кенг тушунтирилса, аминманки, бу зиёратгоҳ ҳам сайёҳлик марказига айланиши турган гап.

Кўпчиликка маълум, Зарафшон дарёси Чўпонота тепалигининг шимолий-шарқий этагига етгач, икки тармоқ — чапда Қорадарё, ўнгда Оқдарёга бўлинади. Ана шу жойда, темирйўл кўпригидан сал қуйироқда пишиқ ғиштдан ишланган кўприксифат иншоотга кўзингиз тушади. Бу иншоот қадимда дарё сувини Оқдарё ва Қорадарёга тақсимлаш учун хизмат қилган. Бугунги кунда дарё сувини икки тармоққа тақсимлаш хизмати махсус қурилган ва замонавий механизмлар билан жиҳозланган гидроузелга юклатилган. Оқибатда асрлар мобайнида дарё суви "тақсимотчиси" бўлиб келган сув айирғич иншооти эътибордан четда қолди. Ҳолбуки, у хизматини ўтаган бўлса-да, тарихий аҳамиятини йўқотмаган. Мазкур иншоот тарихчи ва археологлар томонидан анча чуқур ўрганилган. Бу ҳақда мутахассисларнинг қатъий фикрлари ҳам мавжуд. Ушбу иншоотни тарихий обида сифатида қайта ўрганиш, давлат муҳофазасига олинган бўлса-да, бугунги кунда муҳофаза талабларига риоя этилмаётганлигини ҳисобга олиб уни ҳимоялаш, тарихини қайта ўрганишга киришиш лозим, деб ўйлайман. Негаки, кейинги ўн йилликларда бу иншоот ҳақида ҳеч ким ўйламай қўйди.

Сув айирғичнинг шарқ томонида замонавий темирйўл кўприги ёнида яқин-яқингача тор изли темирйўлнинг пўлат ва темирдан ясалган қолдиқлари кўзга ташланиб турарди. Ушбу кўприк XIX асрнинг охирида ўлкамизга темирйўл келтирилиши муносабати билан қурилган эди. Демак, янги кўприк қурилгач, эски кўприк эътиборли ва қизиқарли сайёҳлик объекти сифатида муҳофазага олиниши керак эди. Бироқ бир неча йил муқаддам кимларгадир темирйўл қолдиқлари — пўлат ва темирдан ясалган тўсинлар керак бўлди шекилли, бир неча кунда қадимги кўприкдан бир неча устун қолди, холос. Шу тариқа бугун ва келгусида тарихимиз ҳақида гувоҳлик берувчи яна бир объектни қўлдан бой бердик.

Шаҳримизда, айниқса, унинг Чор Россияси истилосидан сўнг барпо этилган "янги шаҳар" қисмида XIX-XX асрларга оид Европа услубида барпо этилган бинолар кўп. Гарчи, рус босқинчилари томонидан барпо этилган бўлса-да, ушбу ҳудудда жойлашган турли объектлар, турар жойлар, айни пайтда турли хизматлар учун мослаштирилган бинолар, фаолияти тўхтаб қолган черков бинолари ҳам Самарқанд тарихининг бир бўлаги эканлигини унутмаслигимиз зарур. Уларни ҳам авайлаб-асраб, тарих ва ўтмиш саҳифаси сифатида моҳият ва мазмунини ўсиб келаётган авлодга кенг тушунтиришимиз лозим. Айни пайтда ушбу ҳудудда жойлашган тарихий иншоотларга сайёҳлар оқими ҳавас қиладиган даражада эмас. Аслида, Са­мар­қандга ташриф буюраётган сайёҳлар орасида  "Рус Са­мар­қанди", деб аталмиш ушбу ҳудудга бўлган қизиқиш кам эмас. Кейинги пайтларда қўлида ушбу ҳудуд харитасини тутиб, ўзлари қизиқаётган бино ёки иншоотни қидираётган хорижий сайёҳларга тез-тез кўзимиз тушади. "Янги шаҳар"да сайёҳлик тизимини ривожлантириш учун унинг тарихи билан яқиндан таниш, билимли ва дунёқараши кенг бўлган гид-экскурсоводлар гуруҳини ташкил этиш лозим, деб ўйлайман.

Юқоридаги фикрларни ҳар қандай иддаодан йироқ ва холис бўлган оддий хулоса сифатида қабул қилишингизни истардим. Зеро, Самарқанд тарихи ва ўтмиши шундай сер­қирраки, ҳар бир саҳифаси ўнлаб тадқиқотлар, изланишлар сабабчиси бўлиб, унинг натижасида кўпчилик кутаётган илмий асарлар яратилишига ва бу саъй-ҳаракатлар шаҳримизда сайёҳлик оқимининг кучайишига хизмат қилишига ишонаман.

 

Муаллиф: Қувондиқ МАЖИДИЙ

24.09.2018 57 74 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства