samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Эъзоз ва эътибор оғушида

Чоп этиш

"Масжиди қўнғироқдор" маҳалласида истиқомат қилаётган Рашид ота Раҳмонов бу йил умрининг 94-баҳорини қарши олди.

Айни навқиронлик палласида урушга отланиб, фашистларга қарши курашди, бугунги бахтли ҳаётни таъминлашдек муқаддас бурчни адо этишга киришди. Отахон урушдан кейин умрини илмий-педагогик фаолиятга бағишлади. Физика-математика фанлари номзоди, доцент Рашид Раҳмонов узоқ йиллар Самарқанд давлат университетида фаолият юритиб, салоҳиятли ва етук мутахассислар тайёрлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Рашид отанинг хонадони маҳалладошлари, ўқувчилар, талабалар, шогирдлари билан доимо гавжум. Айниқса, отахон ёшларга Иккинчи жаҳон урушида кўрган-кечирганлари, шонли ғалабага эришиш йўлида чеккан азоб-уқубатлари хусусида сўзлаб беради. Бугунги тинчликни асраб-авайлаш муқаддас бурч, фараҳбахш ва саодатли ҳаётимизнинг ҳар они асрларга татигулик эканини бот-бот такрорлашдан асло чарчамайди.

—     Инсоният бошига не-не кулфату бало-қазоларни ёғдирган фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 73 йиллигини нишонлаш насиб этганига шукур қиламан, — дейди Рашид ота. — Бундай дориламон кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Бугунги тинчлигимиз, мусаффо осмонимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш керак. Давлатимиз раҳбарининг нуронийлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига кўрсатаётган юксак даражадаги эътибор ва ғамхўрликларидан чексиз миннатдормиз. Инсонни улуғлаш ва қадрлашнинг бундай юксак намунаси бизни янада яшартириб, суронли урушдан орттирган дардларимизга малҳам бўляпти. Бошимиздан ўтказган даҳшатларни фарзандларимиз асло кўрмасин, тинч ва шоду хуррамликда ўтаётган ҳар бир кунимизга шукроналар бўлсин! Осойишта ва осуда ҳаётимизга кўз тегмасин!

Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимиз учун жон олиб, жон берган, Иккинчи жаҳон урушида фашист газандаларига қарши мардонавор жанг қилган, айни пайтда жамиятимизнинг файзу-баракаси бўлиб, умргузаронлик қилаётган юртдошларимиз доимо эъзоз ва эътибор оғушида. Яқинлашиб келаётган 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ва фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда, уларнинг хонадонларига бориб, ҳолидан хабар олинмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши ва ҳарбий хизматчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларини ободонлаштириш ишларини олиб боришмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлардан таркиб топган гуруҳлар шаҳримизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларига ташриф буюришмоқда. Жумладан, Рашид Раҳмонов хонадонида ташкил этилган шундай тадбирда шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Толиб Набиев ва бошқалар отахонни яқинлашиб келаётган байрам билан табриклаб, Ватан озодлиги ва шон-шарафи йўлида матонат, жасорат намунасини кўрсатган, бугун сафимизда ўзининг бой ҳаётий тажрибаси билан юртимиз нуфузини ошириш, ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшаётган нуронийларимиз доимо эътиборда эканини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, фронт жанговар таронаси — "Катюша" ашуласининг мусиқаси Рашид отага ўзгача кайфият улашди. 

Шунингдек, гуруҳ аъзолари шаҳримизнинг "Марҳабо" маҳалласида истиқомат қилаётган Евгений Солдатов хонадонида ҳам бўлишди. Уруш заҳматларини чеккан Женя тоға меҳмонлар ташрифидан боши кўкка етиб, жуда хурсанд бўлди. Учрашув асносида отахон мамлакатимизда уруш қатнашчилари ва фахрийларга яратилаётган имкониятлар, имтиёзлардан чексиз мамнунлигини изҳор этиб, ҳар бир байрам арафасида шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилиги ҳолидан хабар олаётганидан кўнгли тоғдек кўтарилаётганини қайд этди.

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, уруш заҳматини чеккан ҳамшаҳарларимизга 5 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари ва шаҳар ҳокимлигининг совғалари тантанали равишда топширилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларининг куй-қўшиқлари тадбирларга ўзгача файз бағишлади.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

28.04.2018 156 32 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства