samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Энди чиқинди тўпланиб қолмайди

Чоп этиш

ёхуд фармон ижроси таъминланмоқда

"Нурли йўл" маҳалла фуқаролар йиғинида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш ва уни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси ҳамда "Мароқанд обод" давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда "Нурли йўл" маҳалласи аҳли,  жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда сўзга чиққан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов, МИБ вилоят бош­қармаси бўлим катта инспектори Анвар Хўжақулов, МИБ шаҳар бўлими давлат инспектори Лочинбек Раҳматов ва бошқалар аҳолини чиқинди учун тўловларни ўз вақтида бажаришга чақирди. Соҳада йиғилиб қолган, эътибордан четда қолиб кетаётган муаммоларнинг олди олинишида мазкур фармон дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди. Айни пайтда фуқаролар ҳам мажбуриятларни тўғри англаб, шаҳримиз, кўчаларимизни тоза-озода сақлаши, ободликка ўз ҳиссасини қўшиши муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб, ҳар ойнинг 10-санасигача чиқинди учун тўловларни амалга ошириш лозимлиги, акс ҳолда МИБ ходимлари томонидан тўлов мажбурий тартибда ундирилиши мумкинлиги тушунтирилди.

— Шаҳримизда чиқинди учун тўловни амалга оширишда кўзбўямачиликлар, муаммолар бор эди, — дейди "Мароқанд обод" ДУК директорининг ўринбосари Шамсиддин Ҳасанов. — Мисол учун, хонадонда 5-10 нафар фуқаро истиқомат қилса-да, атиги 2-3 нафар одам учун тўлов амалга ошириларди. Бу, албатта, фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатарди. Тўловларни ундириш МИБ томонидан ташкил этилиши эса бу борада тартиб ўрнатилишига хизмат қилади. Айни пайтда аҳоли қайта хатловдан ўтказилиб, хонадонларда яшаётган фуқароларнинг сонига аниқлик киритилмоқда.

Тадбир доирасида чиқиндиларни ўз вақтида тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун сафарбар этилаётган замонавий техникаларнинг кўргазмаси ташкил этилди.

 

Муаллиф: А. ЗИЁДОВ

25.12.2018 97 102 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства