samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Энг билимдон ўқувчилар аниқланди

Чоп этиш

45-умумтаълим мактабида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Беллашувнинг дастлабки — мактаб бос­қичида 230998 нафар, туман (шаҳар) босқичида эса 38325 нафар ўқувчи 16 та умумтаълим фанлари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди. Мазкур бос­қичларда ғолибликни қўлга киритган 412 нафар 7-8 синф ўқувчилари фанларга оид билимларини ёзма ва онлайн тест шаклида намоён этишди. Самарқанд давлат университети ҳамда университет ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг профессор-ўқитувчилари ўқувчиларнинг билимларини баҳолашди.

— Ўтган ўқув йилида ҳам математика фани бўйича билимлар беллашувида иштирок этиб, вилоят босқичида 2-ўринни эгаллагандим, — дейди 34-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Алишер Маллаев. — Бу йил ҳам тенгдошларим билан биргаликда ўз билимларимни синовдан ўтказишга ҳаракат қилдим. Устозим Моҳинур Хуршидованинг назорати остида математика фанини чуқур ўзлаштириб келяпман. Бу машғулотлар келгусида республика ва халқаро миқёсда ўтказиладиган фан олимпиадаларида иштирок этганимда ўз самарасини беришига ишонаман.

Беллашув якунида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган 96 нафар ўқувчига вилоят халқ таълими бош­қармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик сов­ғалари топширилди. Ғолиб ўқувчилар ёзги таътил давомида имтиёзли равишда республикамиз ҳамда вилоятдаги болалар соғ­ломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ чиқариши кўзда тутилган.

Муаллиф: Д. АБДУРАҲМОНОВА

2.05.2018 137 33 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства