samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни камайтириш

Чоп этиш

бунда имтиёзлар муҳим аҳамиятга эга

Вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши вилоятда фаолият юритувчи экспортёр ва импортёр тадбиркорлик субъектларининг божхона соҳасига оид муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этишга бағишланди.

Йиғилишда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М. Солиев, қўмитанинг божхона тўловлари бош­қармаси бошлиғи ўринбосари Ф. Файзуллаев ва вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгаши раиси Э. Салихов тизимдаги ислоҳотлар, тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Таъкидландики, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорлик су­бъект­ларига эркин фаолият юритиш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони айни жараённи янада самарали ташкил этишни таъминламоқда. Мазкур қарор ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиши билан аҳамиятлидир. Бунда мамлакат иқтисодий манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш аҳоли­нинг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади. Шунингдек, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида ишлаб чиқилаётган концепцияда экспорт-импорт операцияларини янада самарали ташкил этишнинг қонуний асослари яратилади. Бу билан тадбиркорлик субъект­ларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштироки кенгайтирилиб, барқарор ривожланиш учун кенг имконият ва имтиёзлар берилади.

Соҳадаги янгиликлар, тартиб-қоидалардаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш асносида мутасаддилар тадбиркорларнинг муаммо ва камчиликлар юзасидан берган саволлари ҳамда таклифларига ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Йиғилишда иштирок этган тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўз фаолиятлари билан боғлиқ имтиёз ва имкониятлар муддатини узайтириш ва божхона расмийлаштирувида юзага келаётган муаммолар ҳамда бошқа тегишли саволларга атрофлича жавоб олишди. Жумладан, "Самарқанд пой­абзал класс" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона вакили Дилором Бобоеванинг пойабзал ишлаб чиқариш учун хом ашё олиб киришда божхона тўловларидаги имтиёзнинг тўхтатилиши сабаб корхона фаолиятида муаммолар юзага келаётганлигини, "СамАнтепГилам" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Камол Абдуллаев гилам экспорти ва импортини тартибга солиш ҳамда ёнғоқ етиштириш учун зарур бўлган махсус техникаларни олиб киришда имтиёзлар яратилишини, "Добусия Самарқанд акваленд" масъулияти чекланган жамияти директори Абдулла Ибрагимов собиқ "Сўғдиёна" истироҳат боғи ўрнида қураётган аквапарк учун олиб келинган 1 млн. 380 минг АҚШ доллари қийматидаги аттракционларни олиб кириш бўйича берилган имтиёз даври тугаганлиги сабаб юзага келган муаммо туфайли ускуналар икки ойдан буён божхона омборида эканлигини, бу корхонага жиддий моддий зарар келтираётганлигини айтишди. Мутасаддилар мазкур муаммоларни тез фурсатда ҳал этиш юзасидан тегишли чораларни кўришларини таъкидлашди.

Йиғилиш давомида бошқа тадбиркорлар ҳам шу каби ўз фаолиятларидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини билдиришди. Соҳа мутасаддилари билдирилган таклифларни, албатта, тегишли тартибда кўриб чиқиб, масъул корхона-ташкилотлар билан биргаликда зарур чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилишди.

Муаллиф: А. ИСРОИЛОВ

21.04.2018 170 30 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства