samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Экран қаршисидаги болалар

Чоп этиш

— Ўғлим, нега синглингга пичоқ ўқталяпсан, буни сенга ким ўрагатди? Пичоқни қаердан олдинг, тез ташла-чи!

— Дада, телевизорда кўрдим. Бир бола ҳам шундай қилди, қиз барибир ўлмади-ку. Синглим ҳам ўлмайди...

— А-а-а...

Болалар эшитганидан кўра, кўрганларига кўпроқ амал қилади. Шу боисдан бола тарбияси масъулиятли вазифа ҳисобланади.  Ниҳолни экиш билан иш битмайди. Унга парвариш, эътибор ва ўз вақтида керакли озуқасини бериб туриш лозим бўлади. Келажакда берадиган меванинг ҳосилдор ва тотли бўлиши қаратган эътиборимизга боғлиқ. Инсон боласи ҳам шундай ғамхўрликка муҳтож бўлиб вояга етади. Унинг келажакда ким бўлиб улғайиши ҳам унга ажратган вақтимиз, берган тарбиямизга боғлиқ.

Фарзанд тарбиясида турли воситаларнинг ўрни бор. Шулардан бири телевидение ва унда намойиш этилаётган кўрсатувлар. Бугун ойнаижаҳонда намойиш этилаётган дастурларнинг барчасини талаб даражасида деб бўлмайди. Айниқса, болажонлар учун берилаётган хорижий мультфильмларни. Чунки уларнинг деярли барчаси Ғарб маҳсулотлари. Табиийки, бу асарларнинг моҳияти, болага берадиган "озуқа"си, ундаги жараёнлар, воқеалар, қаҳрамонларнинг ўзини тутиши ҳам шунга яраша. Улар орасида менталитетимизга мос келадиган, ҳаёт тарзимизга яқин бўлганлари ҳам топилади, аммо жуда оз. Мисол учун, шу кунларда "Болажон" телеканалида берилаётган сичқончалар тимсолидаги мультфильмнинг асосий воқеалари уруш, отишма, бир-бирини мағлуб этиш билан боғлиқ воқеалардан иборат. Уларда бола дунёқарашига, ёшига тўғри келмайдиган сюжет ва саҳналар мавжуд. Бола уларнинг мазмунидан қатъий назар томоша қилади ва ўзига ниманидир қабул қилади. Энди бир савол, ана шу болакайнинг  онгида маънавий заҳарланиш, хулқида ўзгариш бўлмайди, деб ким кафолат беради? Яқинда нодавлат телеканалларнинг бирида ана шундай мазмундаги мультфильм, бошқасида очиқдан-очиқ ишқий саҳналар мавжуд бўлган кинофильм намойиш этилгани учун иккала телеканалга ҳам қонуний чора кўрилди. Шу ўринда у ердаги айрим муҳаррирлар, эфирга масъул шахслар, монтаж жараёнидаги мутахассислар қаерга қарашди, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Жавоблар эса...

Буни-ку, қўятурайлик. Ҳар куни кечки овқат маҳали оила даврасида телевизор томоша қиламан деб, уни ёқасизу, пушаймон бўласиз. Қайси телеканалга қўйманг, сериал, уларда эр ёки хотиннинг хиёнати устига хиёнати, жангари саҳналар, қасос ўтида ўзини ҳар кўйга солаётган қаҳрамонлар иштирокидаги  саҳналардан таркиб топган фильмлар берилаётган бўлади. Мексиканинг ана шундай сериалларидан энди қутулганимизда, турк, ҳинд телеасарлари экранларимизда "болалаб" кетди. Ачинарлиси, биронтасида оиланинг муқаддаслиги, эр-хотин ўртасидаги покиза ришта, ота-онага ҳурмат, каттага иззат каби эзгулик сингдирилган воқеалар ва қаҳрамонларни деярли кўрмайсиз.

Эртага фарзандингиз ана шу "қаҳрамон"ларга тақлид қилмаслигига ишонасизми? Фикри ожизимча, бундай телеасарларни (агар уларни телеасар, деб бўлса) эфирга бериш зиёли кишининг иши эмас. Бу борада телеканалларнинг масъулияти, мажбурияти ҳақида кўп гапирилавериб, гап ҳам қолмади аслида. Аммо биз, катталар нима учун болалар олдида бундай фильмларни бемалол томоша қилиб ўтирамиз? Нимага фарзандларимиз экран қаршисида нима кўраётгани, нимани ўзига қабул қилаётгани билан қизиқмаймиз? Боламиз хархаша қилса, ўз тинчимизни кўзлаб бу матоҳни ёқиб берамизу, эфирда берилаётганлар унинг дунёқарашига, маънавий оламига, онгига таъсир қилиш-қилмаслиги, ёшига тўғри келиш-келмаслиги тўғрисида бош қотирмаймиз?

Алқисса, фарзандингизнинг эртага ким бўлиб вояга етиши ўзингизга боғлиқ. Сиз уларнинг қаршисидаги кўзгусиз. У ҳаётни ҳам, унда қадам ташлашни ҳам сиздан ўрганади. Буни асло унутманг.

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ, "Samarqand" мухбири

11.01.2019 49 2 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства