samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЭЪТИБОРГА МУҲТОЖ ҚЎРҒОН

Чоп этиш

Кимёгарлар қўрғонида истиқомат қилаётган фуқароларни қийнаётган муаммолар хусусида

Депутатлик фаолиятим давомида ўзим сайланган 20-Кимёгарлар сайлов округи сайловчилари билан ўтказилган учрашувлар, фуқароларнинг хонадонларида бўлиш, юртдошларимизнинг бевосита мурожаатлари асносида ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — ЎзЛиДеП шаҳар кенгаши билан ўтказган сайёр қабул жараёнида жуда кўплаб муаммоларни бартараф этишимизни сўраб мурожаатлар бўлди.

Энг долзарб муаммо — қўрғон ҳудудини аксарият ҳолларда кеч­ соат 20:00 дан, эрталаб соат 7:00 гача  аччиқ тутун ва бадбўй ҳид қоплайди. Аниқланишича, аччиқ тутуннинг тарқалишига Сўлим қўрғони яқинида жойлашган шаҳарнинг катта чиқиндихонасидаги чиқиндиларнинг ёқиб юборилиши сабаб бўлмоқда. Бадбўй ҳид эса қўрғонга яқин ҳудудда жойлашган Паст Дар­ғом туманида фаолият олиб борадиган "тадбиркорлар"нинг чўчқахона ва товуқхоналаридан таралмоқда. Бу аччиқ тутун ва бадбўй ҳид инсон, хусусан, болалар саломатлигига жиддий хавф солаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Йўл созлаган, кўприк қурган етар муродга, деган гап бор халқимизда. Бугун шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси, кўчаларимиз кўриниши тубдан ўзгармоқда. Кенг ва равон йўлларда юришнинг ўзгача гашти бор. Аммо Кимёгарлар қўрғонидаги барча кўчалар таъмирга муҳтож. Ёғин-сочинли кунларда автомобилда ҳам, пиёда ҳам юриш кишини анча мушкул аҳволга солиб қўяди. Мавжуд кўчалардаги алоқа, оқова ва ичимлик суви тармоқлари қудуқларининг қопқоқлари ўғирлаб кетилган. Бу қопқоқсиз қудуқлар автоуловни шикастлаши, пиёдаларнинг ҳаёти ва соғ­лиғига жиддий хавф солиши мумкин. Қўрғондаги бирорта кўчанинг тунги вақтда ёритилмаслиги муаммони яна бир карра оширади.

"Нурафшон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи Дар­ғом канали устидан ўтган асрда газ ва сув қувурлари тортилиб, соҳа хизматчиларининг назорат олиб бориши учун махсус мослама (афсуски, у кўприк эмас) ўрнатилган бўлиб, бугун у шу ерда истиқомат қиладиган фуқаролар, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб борадиган ишчи-ходимлар учун омонатгина бўлса-да, "кўприк" вазифасини ўтамоқда. Бу "кўприк"дан маҳалланинг Ертешар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар, Самар­қанд "Темурбеклар мактаби" жамоаси, мактаб ўқувчилари, боғча тарбияланувчилари Кимёгарлар қўрғони ва "Нурафшон" МФЙ марказига ўтиб-қайтишади. Энг ёмони, ушбу "кўприк" юқорида таъкидлаганимиздек, пиёдалар ўтиб-қайтиши учун умуман мослашмаган. Унинг икки томонида ҳатто тутқич ва ҳимоя тўсиқлари ҳам йўқ. Қишнинг қорли-қировли кунларида жуда сирпанчиқ бўладиган, Дарғом канали устидан 25-30 метрлар чамаси баландликда турган ушбу "қил кўприк"дан ўтиш инсон ҳаёти учун жуда хавфли.

Фуқаролардан ушбу муаммони бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар ҳам тушди: агар имкони бўлса, бу ерда замонавий кўприк барпо этиш керак ёки Самарқанд шаҳрини Кимёгарлар қўрғони билан боғловчи 6, 15, 93-йўналишларда қатновчи автобусларнинг охирги бекатини Ертешар кўчасигача узайтириш лозим.

Эрталаб ва тунги вақтлар Кимёгарлар кўрғонидаги кўчаларда юриш жуда хавфли тус олади. Сабаби, дайди итлар жуда кўпа­йиб кетган. Қутуриш касаллигининг асосий омили бўлган эгасиз, дайди итларни овлаш чоралари умуман кўрилмаяпти. Кундузги вақтларда  қўрғон ҳудудидаги кўча ва хиёбонлар, чиқиндихоналар атрофида чорва молларини кўрасиз. Энг ёмони, қўрғонни шунақа вақтларда шаҳар ҳудудими ёки қишлоқми, англолмай қолади, киши.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар Кимёгарлар қўрғони аҳлига ҳали етиб келмаган, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатадиган 10-оилавий поликлиникада замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва малакали шифокор мутахассислар етишмайди. Иссиқ жоннинг иситмаси бор, деганларидек фуқаролар бетоб бўлиб қолишса, Самарқанд шаҳридаги шифохоналарга боришга мажбур бўлишмоқда. Бу ҳолат эса фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Мен айтмоқчи бўлган қуйидаги фикрлар ҳам қўрғонда яшайдиган аҳоли ва шу ердаги корхона-ташкилотлар раҳбар ходимларини қийнаб келаётган муаммолар ҳақидадир. Ким­ёгарлар қўрғонидаги кўчалар, корхона, ташкилот ҳамда муассасалар ҳовлиларига ҳар йили минглаб гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилади. Аммо уларни суғориш имконияти йўқлиги боис барча кўчатлар ёз мавсумига бориб қуриб қолади. Сабаби, қўрғонда суғориш тизими ташкил этилмаган.

Ҳудудда жойлашган олтита маҳаллада йигирма минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Афсуски, Кимёгарлар қўрғонида замонавий кутубхона ва китоб дўкони йўқ. Ахир, уларсиз фуқароларнинг ҳу­қуқий, сиёсий онгини ошириб, дунёқарашини бойитиб бўладими?

Мана, бир неча йилдирки, ҳудуддаги "Шукрона", "Дарғом" ҳамда "Чорбоғ" маҳалла фуқаролар йиғинлари учун замонавий маҳалла марказлари мавжуд эмас. Ушбу маҳаллалар мутасаддилари мослаштирилган биноларда етарли бўлмаган шароитда фаолият олиб бормоқда.

"Дарғом" маҳалласи ҳудудида жойлашган авария ҳолатидаги 18-рақамли икки қаватли уйда 32 та оила истиқомат қилади. Фуқароларнинг аксарияти ушбу уйга ноқонуний жойлашиб олган. Энг ёмони, мазкур манзилда яшаш шароити умуман йўқ, бино авария ҳолатига келиб қолган, йўлаклар, уй ва хоналар антисанитария ҳолатида. Шу пайтгача бу уйни бузиш ёки таъмирлаш чоралари кўрилмаган.

Кимёгарлар қўрғонида автобус бекатлари, замонавий ҳаммом, аҳоли дам олиши учун истироҳат боғи, маданият саройи йўқ.

Мавжуд таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун  фан ва спорт тўгараклари мунтазам равишда ишламайди. Малакали мутахассислар, спорт мураббийлари етишмайди.

Бу ерда замонавий савдо мажмуаси ёки деҳқон бозори мавжуд эмас. Бори ҳам бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди. Сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи Самарқанд шаҳридаги бошқа деҳқон бозорларига нисбатан жуда қиммат.

Бир неча йилдирки, совуқ мавсумда "Иссиқлик таъминоти" корхонасининг ҳудуддаги марказий қозонхонаси ишламайди. Хонадонлар, асосан, табиий газ ва электр печлар ёрдамида иситилади. Ушбу кўп қаватли уйларни якка тартибдаги тизим орқали иситиш чоралари кўрилмаган. "Иссиқлик таъминоти" корхонасига тегишли қувурлар бугун муддати ўтиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Уларни Кимёгарлар қўрғони ҳудудидан олиб чиқиб кетишни корхона раҳбарияти хаёлига келтирмаяпти. Ҳолбуки, ушбу қувурлар аксарият жойларда омонат турибди. Улар йиқилиб кетса, шу ердан ўтаётган кишиларнинг ҳаёти хавф остида қолиши тайин.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш, ҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида тегишли ташкилотларга бир неча бор депутат сўрови юбордим. Аммо ушбу депутат сўровларига тегишли жавоб бўлмади, юқорида кўтарилган муаммолар ҳал этилмади.

ЎзЛиДеП шаҳар кенгаши депутатлик гуруҳида ушбу муаммоларнинг айримлари муҳокама қилинди. Кимёгарлар қўрғонидаги биз санаб ўтган муаммоларни халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига қўйиш масаласи ўртага ташланди. Аммо ҳозиргача Ким­ёгарлар қўрғонида истиқомат қиладиган аҳоли кутган янгиликларга, ўзгаришларга навбат етиб келгани йўқ.

Ўйлаймизки, Кимёгарлар қўрғони ҳудудидаги мавжуд камчилик ва муаммолар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, тез фурсатларда бартараф этилади.

Муаллиф: Ҳаким ЖЎРАЕВ, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати

8.06.2018 151 43 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства