samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЭМАС ОСОН...

Чоп этиш

Журналист ва шоир Фармон Тошев (Қарнабий) том маънода тиним билмас, изланувчан ижодкор.

Унинг мақолалари ва бадиий асарларининг ҳаммасида даврнинг энг долзарб масалалари ўзига хос маҳорат билан ифодаланади. Лекин унинг ўзи бундан қониқмайди. Янгича баён услубларини қидиради. Ўқувчи онгига қандай қилиб самарали таъсир этиш имкониятларини излайди. Шеърий асарларнинг ўзига хос мулоқот воситаси эканлигини яхши билган адибнинг "Адабиёт ва адиб" мақоласида бу борада қамровли фикрлар айтилганининг гувоҳи бўласиз.

Мумтоз адабиётимизнинг ноёб, етук анъанаси бўлган девон тузиш нечоғли мураккаб ва машаққатли эканлигини муаллиф 2011 йилда чоп этилган "Соғинч" ва 2018 йилда ушбу тўплам-девон қайта ишланиб тўлдирилган "Ғазал — маъни, ғазал — санъат..." дебочасида муфассал баён этган.

Дарвоқе, чиндан ҳам девон тузиш ҳазилакам иш эмас. Акс ҳолда, нега адабиётимиз тарихида ўтган ўнлаб машҳур шоирларнинг кўпчилигидан девон қолмаган. Айниқса, кейинги ва замонавий адабиётимизда унга эътибор умуман сусайиб кетди… Негаки, бу гўзал ижод ва санъат намунасини яратиш оғир ва меҳнатталаб бўлибгина қолмасдан, айни пайтда, адабиёт ва унинг  назариясини чуқур билишни талаб этадиган илмий-тадқиқот иши ҳамдир.

Умуман олганда, ғазал ёзишга иштиёқи бўлган шоирларимиз одатда у ёки бу мумтоз шоир ғазалларига кўпинча мухаммас боғлайдилар, холос.

Аммо фард билан маснавийнинг, рубоий билан мураббаънинг, чистон ва муаммонинг, қитъа ва туюқ каби ва ҳоказо жанрларнинг фарқи ва маъно нозикликларини билиш, афсуски, барча шоирларимизга хос хусусият эмас.

Шу ўринда муаллифнинг, ўнлаб асарлар яратган, бой тажриба ва маҳоратга эга бўлган Фармон Тошев (Қарнабий)нинг ўзидан иқтибос келтирайлик:

"…Девон тузиш нечоғли масъулиятли (иш) эканини яхши биламан. Шу сабабли мунтазам тарзда Алишер Навоий, Бобур, Муҳаммад Раҳимхон, Феруз, Огаҳий, Фақирий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий каби буюк сўз усталари девонларини қайта-қайта ўқиб ўрганишга интилдим".

Қарнабийнинг қайта ишланган ва тўлдирилган "Ғазал — маъни, ғазал — санъат..." девонидаги ғазалларда арузнинг деярли барча баҳру рукнларида 20 га яқин услуб қўлланган.

Шундай қилиб, арузнинг шайдоси Фармон Тошев (Қарнабий)нинг саъй-ҳаракатлари, машаққатли меҳнати, энг асосийси, астойдил нияти эвазига "Соғинч" заминида "Ғазал — маъни, ғазал — санъат..." девони вужудга келди.

"Соғинч"даги қўлланган 20 та жанр умумлаштирилиб, янги девонда 16 тани ташкил этса-да, иккинчи китоб биринчисига нисбатан ҳажман каттароқ. Сабаби, иккинчисида далилий изоҳ ва исботлар кўпроқ қамровда берилган.

Биринчи китобдаги "В" ҳарфининг василаси"нинг илк шеъридаги якуний байт кўчирилганда, иккинчи китобда бир сўз ўзгача берилади. Яъни, биринчисида:

Фармоннинг ўз кўнглию ўзи англар сўзи бор,

Битган бўлсанг неки байт минбаъд, ўзингга сийлов.

Иккинчи китобда:

Фармоннинг ўз кўнгли-ю ўзи айтар сўзи бор,

Битган бўлсанг неки байт, меҳнат ўзингга сийлов

дея минбаъд — меҳнат тарзида берилади. Бу иккала сўзлар синоним бўлмагани учун қайси бири жоизроқ экан…

Маълумки, суҳбату анжуманларда, маърифий-тарбиявий мавзулардаги чиқишларда фардлар ва мақоллардан кўпроқ фойдаланилади. Айнан иккинчи китобда фардларга кўпроқ ўрин берилган. Айни пайтда:

Жаҳолат, бу — эзгуликка кушанда,

Не ажабким, иккиси ҳам бир танда.

                       * * *

Бўлса ҳамки беллари қилдек,

Юк кўтарар чумоли филдек.

                       * * *

Юрак — чироқ, ақл пилиги унинг,

Иккисига боғлиқ кундузинг-тунинг.

ва ҳоказо каби ўнлаб оригинал бадиий ва мазмунан мукаммал фардлар билан бирга

Келамизу яшаб ўтамиз,

Аллоҳдан биз нени кутамиз.

                       * * *

Муродсиз кишининг муроди йўқдир,

Ҳаттоки ўзига имдоди йўқдир

каби анча жўн, риторик мазмундаги фард­лар ҳам йўқ эмас.

Умуман олганда, Фармон Қарнабийнинг "Ғазал — маъни, ғазал — санъат..." девони йил сайин сусайиб кетаётган девон тузишдек зарур масъулиятни жонлантиришда ўзига хос дадил қадам ҳисобланади.

 

Муаллиф: Нуриддин БОБОҚАНДОВ

9.06.2018 67 44 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства