samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллашади

Чоп этиш

Мамлакатимизда Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Вилоятимизда мазкур лойиҳанинг биринчи бос­қичи ижроси 2019 йилнинг сентябрь-декабрь ойларига мўлжалланган. Қиймати 100 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа бўйича Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали 69 турдаги, туман ва шаҳар бўлимлари 8-9 турдаги замонавий, юқори технологик тиббий, диагностик асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланиши кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида шошилинч тиббий ёрдам тизими врачлари ва ўрта бўғин тиббиёт ходимлари, илмий ва илмий-педагогик кадрлари жаҳоннинг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтиш имкониятига эга бўлишади. Бундан таш­қари, тез тиббий ёрдам хизмати тезкорлиги, сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида тизимда замонавий илмий-техник воситалар, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади.

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожоновнинг таъкидлашича, бугунги кунда шаҳримиз аҳолисига 11 та оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, уларга 13 та "Damas" русумли тез ёрдам автомашиналари ажратилган. Шунингдек, 7 та "HYUNDAI" русумли махсус жиҳозланган реанимобиль мавжуд. Тез ёрдам автомашиналарининг барчасига GPS кузатув ускуналари ўрнатилган.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йил давомида шаҳар оилавий поликлиникаларидаги тез ёрдам шохобчаларига 20 мингга яқин чақириқ бўлган.

Яратилаётган имкониятлар шошилинч тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган. Бундай ислоҳотлар замирида эса доимгидек халқ манфаати ётади. 

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ, "Samarqand" мухбири

11.01.2019 55 1 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства