samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Шеърларида баҳор нафаси

Чоп этиш

Баҳорнинг илк кунида таваллуд топган Зулфияхоним ижоди, фаолияти, айниқса, турмушида кўклам — баҳор мавзуси алоҳида ўринга эга.

Баҳор — шоира учун янгилик — яшиллик, табиатнинг уйғониши, миллий урф-одатлар, анъаналар тимсоли. Бундай тимсол шоира ижодининг асосий йўналиши эканлигини шеърият мухлислари яхши билади.

Зулфия адабиёт, деб аталмиш ижод майдонига ўтган аср­нинг ўттизинчи йилларида завқ-шавқ, сўнмас илҳом ила кириб келди. Бу илҳом унга бир умр ҳамроҳ ва мададкор бўлди. Ҳали ёши ўттизга ҳам етмасдан бошига тушган айрилиқдан сўнг қаддини букмасдан, тақдирга тан бермасдан, қийинчиликлардан енгилмасдан ҳаёт ва ижод уммонида тик турмоқ учун аёлга том маънодаги матонат керак, куч керак. Зулфия­хоним ҳаёт синовлари ва ижод машаққатларини омухта этган — дарду ғами, қувончу шодлиги — кечинмаларини бир умр қоғозга туширди. Шоиранинг ўтли, таъсирли, мазмунли сатрлари шеърият мухлисларининг кўнгил мулкидан муносиб жой олган.

Бугун Зулфияхоним — кўклам куйчиси, вафо, садоқат тимсоли. Бу янги гап бўлмаса-да, оҳори мангу тўкилмайдиган таъриф. Шу маънода шоира ижодини мазкур атамага қиёсласак, арзийди.

Мустақиллик йилларида ижодкор ва унинг заҳматию меҳнати қадрият сифатида эъзозу эътирофга сазовор бўлди. Зулфияхонимнинг порлоқ хотираси, ўчмас ижодига ҳам муносабатни шундай баҳолаш лозим. У ҳаётлигида халқаро «Нилуфар», Жавоҳарлаъл Неру номидаги мукофотлар соҳибаси бўлди. Ижод намуналари ҳақли равишда Давлат мукофотига лойиқ кўрилди. Шоира адабий, ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчиси сифатида шогирдлари, даврадошлари ва бугунги издошлари қалбидан муносиб ўрин эгаллаган.

Мамлакатимизда шоира Зулфияхоним ижоди, фаолияти, шахсияти — қадрияти муносиб эъзозланмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти ташкил этилиб, адабиёт, маданият, спорт, фан, таълим соҳаларида ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этган қизларимиз ана шу мукофотга сазовор бўлишмоқда. Ҳозиргача юртимизнинг 250 нафардан ортиқ қизлари Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ташаббуси — қарори билан жорий йилдан эътиборан мукофот билан тақдирланадиганлар сони 14 нафардан 28 нафарга етказилди. Бу ҳам Зулфияхоним ижодий мероси, шахсиятига юртимиз хотин-қизларига бўлган эътибор ва эътирофнинг янги қиррасидир.

Мақоламни шоиранинг 1936 йилда яратилган «Баҳор кечаси» шеъридан олинган ушбу сатрлар билан якунлашни истадим:

Баҳор кечи тиниқ ва оппоқ,

Борлиқ тўлган гуллар ҳидига.

Ҳислар уйғоқ, табиат уйғоқ,

Уйғун бўлиб киши дилига.

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

28.02.2018 124 16 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства