samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Шаҳримиз ўқувчилари ғолиб

Чоп этиш

Мамлакатимизда ўқувчи ва талабалар ўртасида спортни ривожлантириш, уларни оммавий равишда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишга қаратилган уч бўғинли "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" спорт мусобақалари анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда.

Жорий ўқув йилида "Умид ниҳоллари — 2018" мусобақасининг вилоят босқичи уюшқоқлик билан ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, халқ таълими, жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада барча туман ва шаҳарлардан сараланган спортчилар футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, эркин ва юнон-рум кураши, бадминтон, стол тенниси, ўзбек жанг санъати, шахмат каби 21 та спорт тури бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.

"Умид ниҳоллари — 2018" спорт мусобақасининг баскетбол, волейбол, гандбол турлари бўйича ўғил ва қиз болалар ўртасидаги баҳслар Ургут, Нарпай, Каттақўрғон, Иштихон, Пахтачи ва Тойлоқ туманларида, юнон-рум, миллий кураш, дзюдо, таэквондо, ўзбек жанг санъати спорт турлари бўйича беллашувлар Булунғур, Паст Дарғом, Оқдарё ва Жомбой туманларида ўтказилди. Шунингдек, Пайариқ, Қўшработ ҳамда Самарқанд туманларида шахмат, стол тенниси, бадминтон бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Ўқувчилар футбол, эркин кураш, сузиш, турон якка кураши, бокс, оғир ва енгил атлетика, гимнастика спорт турлари бўйича Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ўзаро беллашишди.

— Ушбу спорт мусобақаларида жами 3568 нафар ўқувчи иштирок этди, шундан 1216 нафари қизлардир, — дейди "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлими раиси ўринбосари Б. Аҳмедов. — "Умид ниҳоллари — 2018" спорт мусобақалари вилоят босқичининг барча туман ва шаҳарларда ўтказилгани ўқувчиларимизни соғлом ва баркамол бўлиб келажак сари бошлашга, улар ўртасида спортга бўлган қизиқишнинг янада ортишига хизмат қилди.

— Мусобақада шахмат бўйича иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдим, — дейди 14-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Д. Воҳидов. — Бу ғалабам мени мусобақанинг навбатдаги босқичида ҳам муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашга ундади.

Шундай қилиб, "Умид ниҳоллари — 2018" спорт мусобақасининг вилоят босқичида муваффақиятли иштирок этган Самарқанд шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Ургут тумани жамоасига иккинчи, Булунғур ҳамда Тойлоқ туманлари жамоаларига эса учинчи ўрин насиб этди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

11.04.2018 56 27 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства