samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Шаҳар кенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи сессияси

Чоп этиш

Шаҳар ҳокимлигида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Уни шаҳар ҳокими, Кенгаш раиси Ф. Раҳимов олиб борди. 10-Намозгоҳ сайлов округидан депутат Л. Абдуллаева сессия котиби этиб сайланди.

Кун тартибидаги биринчи масала — 2018 йил шаҳар маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ҳамда 2019 йилги маҳаллий бюджет параметрлари бўйича шаҳар ҳокимлиги молия бўлими бошлиғи И. Ахтамовнинг ахбороти тингланди.

Шундан сўнг жорий йил мобайнида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга оид навбатдаги масала депутатлар эътиборига ҳавола этилди.

Қайд этилганидек, 2018 йилнинг январь — декабрь ойлари давомида бир қатор тадбиркорлик субъектларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги, кўпгина объектларнинг ишга туширилганлиги натижасида 10484 та бўш иш ўрни яратилган. Жумладан, иқтисодиёт йўналишида 3272 та иш ўрни яратилиб, 2436 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Саноатда эса 2360 та бўш иш ўрни яратилиб, 869 нафар аҳоли ушбу соҳада фаолият бошлади. Бундан ташқари, инвестиция ло­йиҳалари ва аввал хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантириш, "Йўл харита"ларининг ижросини таъминлаш, давлат мулки объектларини ижарага бериш, якка тартибдаги тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, кўп қаватли арзон уй-жойлар ва муҳандислик инфратузилмалар қурилиши ҳисобига 6158 та бўш иш ўрни яратилиб, 5630 нафар аҳоли иш билан таъминланди.

Кун тартибидаги учинчи масала юзасидан шаҳар ҳокими ўринбосари Б. Элмуродов шаҳар коммунал хизмат кўрсатиш тизимининг 2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича маълумот берди.

Таъкидланганидек, шаҳар ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ҳамда коммунал соҳа ташкилотлари ҳамкорлигида жорий куз-қиш мавсумига муносиб тайёргарлик ишлари амалга оширилган. Жумладан, "Намозгоҳ", "Мароқанд" маҳаллалари табиий газ тармоғининг охирги нуқтасида жойлашганлиги боис 2006 йилдан буён бу борада муаммо сақланиб келган. 1,3 километр масофадаги табиий газ қувурлари реконструкция қилингач, мазкур маҳаллаларнинг аҳолиси табиий газ билан таъминланган. "Матонат", "Мустақиллик", "Намозгоҳ", "Дўстлик", "Извошчилар", "Нурафшон", "Дарғом" каби маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш яхшиланган.

Депутатлар кун тартибидаги шаҳарда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, "Samarkand CITY" ҳудудидан кўчирилаётган уй-жойлар ва объектлар учун товон пули тўлаш мақсадида тижорат банкларидан кредит олиш, Мотрид мавзесида қурилган кўп қаватли уйлар ҳисобидан ташкил этилаётган янги маҳаллага "Обод маскан" МФЙ, номсиз кўчага "Ифтихор" кўчаси, деб ном бериш масалаларини муҳокама этишди. Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва Кенгаш доимий комиссияларининг 2019 йилга мўлжалланган иш режалари ҳам тасдиқланди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи — шаҳар марказий шифохонаси бош врачи Хуршид  Ниязов вазифасидан озод этилиб, ушбу лавозимга Аҳмаджон Бабажанов тайинланди. Шаҳар ҳокимлиги молия бўлими бошлиғи Анвар Саидов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Икрам Ахтамов та­­­йинланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатлар ўзларининг таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Шунинг билан халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессияси якунланди.

Муаллиф: Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

30.12.2018 165 104 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства