samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Шароит етарли бўлмагач

Чоп этиш

Таълим сифати таъминланмайди

Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, келажак авлод таълим-тарбиясини замон талабларига мос тарзда ташкил этиш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан. Айни жараёнда ислоҳотлар мактабгача таълим муассасаларида қай тарзда олиб борилмоқда? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида шаҳримиздаги бир нечта МТМларида бўлдик.

"Боғистон" маҳалласида жойлашган 33-мактабгача таълим муассасаси биносининг ташқи кўриниши бу ерда шароит бинойидек, деган таассурот қолдиради кишида. Аммо муассасанинг ҳовлисидаги болалар ўйингоҳлари, ёзги маш­ғулот жойлари, ётоқхона аҳволи, шунингдек мебель ва жиҳозларининг муддатини ўтаб бўлганлиги ҳақиқий ҳолатдан далолат бериб турибди.

— Муассаса биноси 1961 йилда қурилган, — дейди мудира Дилдора Амонова. — Ўтган давр мобайнида бирор марта мукаммал таъмирлаш учун маблағ ажратилмаган. Ички имкониятдан фойдаланиб ҳамда ота-оналар кўмагида таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириб келяпмиз. Мебель ва жиҳозларимиз ҳам анча эскирган. Баъзи гуруҳларда ҳомийлар ёрдамида шароит яратишга ҳаракат қилганмиз. Яқинда вилоят молия бош­қармаси ва унинг шаҳар бўлими вакиллари муассасадаги ҳолатни ўрганиб кетишди. Таъмирлаш учун маблағ ажратилиши лозимлигини таъкидлашди. Аммо амалий ишга киришилгани йўқ. Бинонинг бугунги асосий муаммоси том қисмини таъмирлаш ва дераза ромларини алмаштиришдан иборат. Мутасаддиларнинг эътиборини кутаяпмиз.

280 ўринга мўлжалланган мазкур муассасада 311 нафар бола тарбияланади. Уларнинг 26 нафари боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидир. Шунингдек, 1 та кичик гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, унда ҳудуддаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари  учун 4 соатлик махсус машғулотлар ўтказилади. Таълим-тарбияни белгиланган меъёр асосида ўтказиш учун, албатта, етарли шароит зарур. Эскирган сим каравотлар, болалар майдончасидаги қурилмалар, қийшайиб, муддатини ўтаб бўлган ёзги машғулотлар ўташ жойи бугунги замон талабларига қай даражада мос?

Шаҳримиздаги 78-махсус мактабгача таълим муассасаси эшитиши ва кўришдаги нуқсони бор болалар учун мўлжалланган. Мазкур муассасада бўлганимизда иситиш тизимида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Боғча мудираси Наргиза Қурбонованинг таъкидлашича, инвестиция дастури асосида 130 миллион сўм маблағ ажратилиб, бинонинг иситиш тизими тўлиқ таъмирланмоқда. 1974 йилда қурилган мазкур МТМ биносида 65 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Улар эшитиши ва кўришида нуқсони бўлган 100 нафар болани тарбиялаб, саломатлигини яхшилашмоқда. Бир қарашда камчиликсиздек туюлган ушбу муассасада ҳам бир қатор муаммолар ечимини кутмоқда. Мисол учун, муассасадаги махсус маш­ғулот ускуналари анча эскириб, баъзилари ишламай қолган. Айрим гуруҳлардаги жиҳозлар маънан эскирган.

— Гуруҳимиз эшитишида нуқсони бор болалардан иборат, — дейди тарбиячи Дилшода Ғаниева. — Уларни имкон даражасида соғломлаштириш мақсадида қатор машғулотлар ўтказамиз. Энг муҳими, лингафон орқали товушни чиқариш учун машғулотлар олиб боришимиз зарур. Аммо муассасамиздаги мавжуд лингафонлар анча эскирган, яъни МТМ фаолият бошлаган вақтда олиб келинган ускуналардан фойдаланаяпмиз. Бу бугунги талаблар асосида машғулот ўтказишга имкон бермайди. Камига тез-тез бузилиб қолади. Бемор болалар билан машғулотлар ўз вақтида, узлуксиз олиб борилсагина, кутилган натижани беради. Айни пайтдаги вазият ишимиз самарадорлигига салбий таъсир этмоқда.

Муассасанинг кўришида нуқсони бор болалар гуруҳида ҳам шу каби ҳолатга дуч келдик. Тарбиячи Зулфия Хўжақулованинг таъкидлашича, бу гуруҳда тарбияланаётган болаларда заиф кўриш, ғилайлик ва бошқа шу каби хасталиклар мавжуд. Уларни даволовчи машқларни ўтказиш учун махсус ускуналардан фойдаланилади. Афсуски ...

— Тарбияланувчиларимизни соғ­ломлаштириш учун 4 та махсус ускуна ёрдамида муолажалар олиб борилади, — дейди тарбиячи  З. Хўжақулова. — Бундан ташқари, кўз мушакларини даволаш мақсадида ҳар хил стол ўйинларидан фойдаланилади. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида ҳамширалар махсус машқлар ёрдамида болаларнинг кўриш қобилиятини яхшилашга ҳаракат қилишади. Ўтган давр мобайнида муассасамиздаги ускуналар эскириши оқибатида муолажаларимизни белгиланган меъёр асосида олиб боришда муаммоларга дуч келаяпмиз. Мисол учун, синоптофор ускунамиз хизмат муддатини ўтаб бўлган. Бундан ускуналарнинг замонавийлари олиб борилаётган муолажаларни самарали ўтишини таъминлайди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, таълим-тарбия жараёнларининг самарадорлигини ошириш бугунги кун талаби. Уни замон талабларига мос ташкил этиш барча мутасаддилар, масъуллар зиммасидаги энг муҳим вазифа. Уни бажариш эртанги кунга, юрт келажагига қўйилган муҳим қадам бўлади. Бу барчага бирдек аён.   Чунки, буюк маърифатпарвар шоир Абдулла Авлоний айтганидек: "Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир".

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

8.09.2018 119 69 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства