samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ШАҲАР АДЛИЯ БЎЛИМИ

Чоп этиш

Унинг фаолияти ҳуқуқий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори ҳуқуқий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда адлия органлари фаолиятини бугунги кун талабларига мослаштирилиб, такомиллаштирилаётгани эътиборга молик. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 апрелдаги "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ислоҳотларни сифат нуқтаи назаридан янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бугун соҳада амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар замирида ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуришдек эзгу ният ётибди. Албатта, мазкур жараёнда адлия органлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланади. Чунончи, фармонда ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқ амалиётини шакл­лантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг яхлит тизимини жорий этиш каби вазифалар белгилаб берилди. Фармонда таъкидланганидек, адлия органлари фаолиятида ҳуқуқий ислоҳотларнинг юқори самарадорлик даражасига эришишга тўсқинлик қиладиган қатор тизимли муаммолар мавжуд эди. Хусусан, адлия органининг туман ва шаҳар тузилмалари мавжуд бўлмагани шулар жумласидандир. Бу эса, ўз навбатида, жойлардаги ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланишига, манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишга тўсқинлик қилган.

Мазкур фармон билан республикамиз туман ва шаҳарларида адлия бўлимлари ташкил этилди. Адлия бўлимлари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди. Чунончи, адлия бўлимлари ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотларнинг туман ҳамда шаҳар тузилмаларига қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масаласида маслаҳатлар беради, уларнинг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилади ва мувофиқлаштиради. Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини, аҳамиятини ижрочиларга етказиш, "республика — вилоят — туман — маҳалла" принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга оширади. Туман ва шаҳарлар ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқлигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади. Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади ва таҳлил қилади, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан бирга, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг туман ва шаҳар тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш ҳам адлия бўлимларининг вазифалари сирасига киради.

4 нафар мутахассис фаолият олиб бораётган бўлимимиз жамоаси ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятидан юртдошларимизни хабардор этиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга зарур саъй-ҳаракатларни сафарбар этади.

Муаллиф: Пўлат АҲМЕДОВ, шаҳар адлия бўлими бошлиғи

12.05.2018 46 36 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства