samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Чиқиндини ҳар жойга ташламанг!

Чоп этиш

Бунинг жавобгарлиги бор

Барчамизга маълумки, бугунги кунда маиший чиқиндилар бутун дунёнинг экологик муаммоларидан бирига айланган. Мавжуд статистик таҳлилларга кўра, дунё бўйича кунлик ташланаётган маиший чиқиндининг фақат учдан бир қисми қайта ишланар экан. Шу сабабли чиқиндиларни тўп­лаш, ташиш, сақлаш, кўмиш ёки қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолият тобора долзарб масалага айланиб бормоқда.

Бу борада мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурс­лардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш, қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича амалий ишлар қилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. Бу, ўз нав­батида, ҳар бир фуқаронинг табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлашга ундайди. Бироқ бунинг амалий ифодасидан кўра, унга зид ҳолатларни кўплаб кузатяпмиз. Фуқароларнинг кўчанинг исталган қисмига турли маиший чиқиндиларни ташлаб кетаётгани, маҳаллаларнинг ҳудудида ғайриқонуний равишда чиқинди хоналар ташкил этилганлигига гувоҳ бўляпмиз. Мазкур салбий ҳолатлар эса аҳоли саломатлигига хавф солиб, турли юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётганини инкор этолмаймиз, албатта.

Айни шундай ҳолатлардан келиб чиқиб, 2018 йилнинг 10 октябрида Ўзбекистон Республикасининг "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, саноат ва маиший чиқиндилар билан атроф-муҳитни ифлослантириш, белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаш ҳолатлари юзасидан маъмурий жавобгарлик чоралари янада кучайтирилди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91-1, 91-2, 91-3-моддаларида белгиланмаган жойларга қаттиқ ва маиший чиқиндиларни ташлаш ҳамда бошқа хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун фуқаролар, шунингдек, мансабдор шахсларга нисбатан энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача ёки беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазоси тайинланади.

Чиқиндилар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, атроф-муҳитнинг тоза-озодалигини сақлаш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам бир қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг 21 ноябрида вилоят ҳокимининг ҳудудларни ободонлаштириш, санитария қоидаларига риоя қилиш, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишни янада самарали йўлга қўйиш бўйича қарори қабул қилинди. Унга кўра вилоятимизда санитария ва экологик вазиятни тубдан яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, ташиш, сақлаш, кўмиш, қайта ишлаш билан боғлиқ фаолият тартибга солинмоқда. Амалдаги қонунларимиз ҳамда мазкур қорорга мувофиқ, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш бошқармалари, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари раҳбарлари ва шаҳар, туман ҳокимлари зиммасига жавобгарлик юклатилди.

Бир сўз билан айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унга ҳар бир шахснинг эҳтиёткорона муносабатда бўлиши табиат мусаффолиги, ён-атрофимизнинг тозалиги ва албатта, саломатлигимизнинг гаровидир. Бу борадаги эътиборсизлик ва лоқайдлигимиз ўзимиз учун қимматга тушишини унутмаслигимиз лозим.

Муаллиф: Баҳодир ҚАРШИЕВ, вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти

11.01.2019 54 2 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства