samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Чиқиндини қайта ишлаш

Чоп этиш

шаҳримиз ободлигини таъминлайди

Вилоят ҳокими Т. Жўраев Франция тараққиёт агент­лигининг лойиҳа раҳбари Александр Монтейро бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Қабул давомида вилоят ҳокими меҳмонларга ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида амалга ошираётган ишлари учун миннатдорлик билдирди. Шунинг баробарида Самарқанд шаҳрида аҳоли хонадонларидан чиқадиган маиший чиқиндиларни шаҳардан ташқарига олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳасининг сифатли ва самарали ташкил этилиши бу аслида дебоча бўлиб, келгусида ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига замин яратишини қайд этди. Айни пайтда вилоятнинг нафақат Самарқанд шаҳрида, балки Каттақўрғон шаҳри ва барча туманлар марказлари, умуман, қиш­лоқ жойларида ҳам маиший чиқинди муаммоси долзарб масалага айланаётганлигини таъкидлади. Айни пайтда бошланган ҳамкорликнинг самараси келгусида Франция тараққиёт агентлиги билан бутун вилоят миқёсида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш жараёнида ҳамкорлик давом эттирилишига хизмат қилишини маълум қилди.

Ўз навбатида, Франциянинг тараққиёт агентлиги лойиҳа раҳбари Александр Монтейро лойиҳанинг маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирди. Амалга оширилаётган ҳамкорликдан Франция томони манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлаб, келгусида нафақат чиқиндини қайта ишлаш соҳасида, балки бош­қа соҳаларда ҳам истиқболли ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш мумкинлигини қайд этди.

— Ўзбекистоннинг дунёга маш­ҳур шаҳрида ўз имкониятларимизни синаб кўришимизга шароит яратиб берганликлари учун халқингиз ва ҳукуматингизга чексиз ҳурмат-эҳтиромимни билдираман, — дейди Александр Монтейро. — Биз бошлаган лойиҳа уч йил ичида тўлиқ амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллион еврони ташкил қилади. Шундан 23 миллион евро Франция тараққиёт агентлиги маблағи, 8 миллион евро Европа иттифоқи томонидан гранд тарзида ажратилиши режалаштирилган. Бизнинг бугунги кундаги асосий вазифамиз лойиҳани амалиётга жорий этиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни бошлашдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа "Мароқанд обод" давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Франция тараққиёт агентлиги лойиҳани тўлиқ амалга оширгач, иш жараёнини "Мароқанд обод" ДУК ташкил этади.

— Лойиҳага кўра, ташкил қилинаётган чиқиндини қайта ишлаш корхонасининг йиллик қуввати 400 минг тонна чиқиндини қайта ишлашга мўлжалланмоқда, — дейди "Мароқанд обод" ДУК раҳбари Шуҳрат Маматов. — Айни пайтда маиший чиқиндиларни шаҳардан ташқарига чиқариш билан бир нечта корхона шуғулланмоқда. Мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, шаҳарда чиқиндиларни йиғиш ва чиқариш бизнинг корхонамиз зиммасида бўлади. Маълумотларга кўра, айни пайтда шаҳримизнинг кунлик чиқиндиси 400 тоннага яқин бўлмоқда. Лойиҳани амалга оширишда чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш ва қайта ишлаш жараёнлари учун махсус замонавий техникалар жорий қилинади. Бу шаҳримизда чиқинди муаммосига барҳам беради.

Қабул якунида вилоят ҳокими Т. Жўраев ва Франция тараққиёт агент­лиги лойиҳа раҳбари Александр Монтейро ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш бўйича қатор ҳужжатларни имзолашди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

9.06.2018 150 44 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства