samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Чингиз Айтматов бадиияти — ўзликни англашга даъват

Чоп этиш

ХХ асрнинг 30-йилларида юзага келган социалистик реализм ақидалари бир неча ўн йилликлар шўро ижодкорларининг асосий тасвир принципига айланди.

Ундаги "синфийлик", "партиявийлик", "воқеликни революцион тараққиётда кўрсатиш", "синфлар кураши" каби тушунчалар адабиёт тарихи билан замонавий адабиёт ўртасига раҳна солди. Мумтоз адабиётнинг қаҳрамони ўзлигини тафтиш қилган бўлса, замонавий қаҳрамон ўзгаларни тафтиш қилишга киришди. Мумтоз қаҳрамон ўз нафсига қарши курашган бўлса, замонавий қаҳрамон кимларгадир қарши курашга тарғиб қила бошлади.

Сталин шахси ва сталинизм иллатлари танқид қилингач, адабиётдаги вульгар социологик қарашларга бир қадар барҳам берилди. Инсонга инсондек қараш, унинг жамиятдаги ўрни, мавқеини англаш, ҳаёт фақат ғалабалардан иборат эмаслигини тушуниш, инсон табиати хато ва қусурлардан холи эмаслиги, эркка ташналиги, ўй-хаёллари, хатти-ҳаракатлари ҳамиша ҳам "рисоладагидек" бўлавермаслигини бадиий тадқиқ этишга ҳаракатлар бошланди. Адабиётга янги истеъдодлар кириб кела бошлади. Шулардан бири Чингиз Айтматов эди.

Чингиз Айтматов ижодида ислом ва насронийлик таълимоти анъаналари, Шарқ ва Ғарб маданиятининг ҳаётбахш хусусиятлари ўзига хос тарзда уйғунлашганлигини кўриш мумкин.

Адибнинг энг муҳим хизматларидан бири шундаки, у социа­лизм­нинг тор, биқиқ муҳитига тоза насимлар олиб кирди, рангин ва серқирра услуби билан унинг имкониятларини кенгайтирди. Ч. Айт­матов яратган характерлар тарихига ёзувчи биографияси орқали қарайдиган бўлсак, бу характерлар ва қаҳрамонлар тарихи Айтматовлар оиласи тарихидир.

Чингиз Айтматов яратган характерларнинг кўпчилиги якка, ёлғиз, етим, ўгай, кимсасиз… Уларнинг биографиясини бир қур кўздан кечириб чиқсак, ёзувчи деярли барча асарларида ушбу мотивга қайта-қайта мурожаат қилганлигини кўриш мумкин.

"Юзма-юз"да Бексоат кампир, яъни урушдан қочиб келган Исмоилнинг онаси келини Саидага оиласининг тарихини сўзлаб беради: "Энди ўйласам, қанчадан-қанча азоб-уқубатлар чекмадик, бир умр тақдир бизга соя солди. Болаларим ўлди, эрим ўлди, акаларимни қулоқ қилишди, жамоа хўжалигида тонгдан тонггача ишлаб, кексайиб, касалманд бўлиб қолдим".

"Жамила" қиссасидаги Дониёрни муаллиф шундай таништиради: "Кейин билишса, Дониёр асли шу ерлик екан. Айтишларича, у ёшлигида етим қолиб, ҳар кимларнинг эшигида юрган, охири Чақмоқдаги қозоқ тоғалариникига кетиб қолган, шу-шу болани излаб боргудек биронта ҳам жонкуяри бўлмаган экан."

"Сарвиқомат Дилбарим"даги Илёс етимхонада ўсган. "Биринчи муал­лим"­даги Дуйшен — бу очарчилик йиллари овулдан кетиб, бир муддат темир йўлда ишлаб юриб, ниҳоят дом-дараксиз бўлиб кетган ўша Тоштанбекнинг ўғли Дуйшен… кимсасиз, бечора. Шу асар сюжетини бошдан охир ҳаракатга келтириб турган қаҳрамонлардан бири Олтиной Сулаймонова ҳам етим, қаҳри қаттиқ янгасининг зуғумларини ютиб яшаган.

"Ота, мен сенга ёдгорлик ўрнатолмадим. Сенинг қаерда дафн этилганлигингни ҳам билмайман. Ушбу асаримни, отам Тўрақул Айтматов, сенга бағишлайман…" "Сомон йўли" асарида кириш сўз ўрнида келган ушбу бағишловнинг бошламасидан аён бўладики, асарга асос бўлган давр воқелиги қаҳрамонларга осон ва равон тақдир йўлларини раво кўрмаслигидан китобхонни огоҳлантиргандек бўлади.

Ушбу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, Чингиз Айтматов ўзининг, ота-онасининг, ука-сингилларининг ҳаёт йўлларини қаҳрамонларига улашиб чиқади. Қисқароқ қилиб айтганда, қирғиз халқининг XX асрдаги ҳаёти Айтматовлар оиласининг тақдири мисолида типиклашади.

Гарчи, мифология ижодининг ажралмас қисми бўлса-да, Чингиз Айт­матов яратган характерлар юнон мифологиясидаги қаҳрамонлардек осмондан тушиб келмайди, уларнинг зуваласида маъбудликка ё Худоликка давогарлик ҳам йўқ. Улар бор бўй-басти, руҳияти, сезимлари билан тарихан конкрет макон ва замондан ўсиб чиқадилар.

Ҳар бир характер Чингиз Айтматов асарларига ўзининг ўтмиши билан кириб келади. Ўтмиш бу характерлар учун — хотиралар тафтида исиниб, бир пас тин олгач, бир манзилдан ўзга манзилга, бир фаолиятдан бошқа бир фаолиятга йўлловчи ўзига хос адабий бекат. Пиёда, отда, аравада, тракторда, юк машинасида, поездда келаётган ё кетаётган бу қаҳрамонлар шу боис ҳамиша йўлда. Давр суронлари аро ўзликларини излашади. Гўёки улар сабру бардошдан яралгандек тақдирнинг қақ­шат­қич зарбаларида ҳам ўзликларини йўқотмайдилар, яшашга бўлган иштиёқ, ҳаётсеварлик уларни абсурд кўчаларига кириб кетишдан асрайди.

Чингиз Айтматов феноменини юзага чиқарган яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Буюк ёзувчи адабиётга янги инсонни, янги характерни олиб кирди. Бу инсон образи ўзининг яқин салафларидан фарқли ўлароқ курашчан, жанговар ҳамда муайян ғоялар яловбардори эмас, балки кичикроқ бир жуғрофий ҳудудда ўзлигини, жамиятдаги ўрнини излаётган инсон. Габриель Маркеснинг "Ёлғизликнинг юз йили" асари билан Чингиз Айтматовнинг "Оқ кема" асари деярли бир вақтда яратилган. Реализм ва мифологиянинг уйғунлиги, параллел ҳолда кечиши ҳар икки асарга хос хусусият. Бундан ташқари, ҳар икки асарнинг воқеа-ҳодисалари цивилизациядан четроқ, овлоқ, ёпиқ маконларда кечади. "Ёлғизликнинг юз йили" қаҳрамонлари Макондонинг тўрт тарафидан сув билан ўралганлигини англаб,  тамаддундан  четда чириб, ном-нишонсиз йўқолиб кетмаслик учун у ердан чиқишга ҳаракат қилишади. "Оқ кема" қаҳрамонлари эса ўз маконлари — ўрмон хўжалигидан чиқиб кетишни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Чунки уларни цивилизациянинг ўзи шу овлоқ гўшага улоқтириб ташлаган. Узоқ асрлар давомида чорва ортидан яйловдан тоққа, тоғдан яйловга ўтови билан кўчиб юрган кишилар учун шаҳар ҳаёти зерикарли, диққинафас, сохта. Ўрмон хўжалигида бор-йўғи учта оила: Мўмин чол кампири ва невараси билан, Ўроз­қул хотини Бикей ҳамда Сейидахмед хотини Гулжамол ва қизчаси билан яшашади.

"Оқ кема"нинг архитектоникаси шундай қурилганки, персонажларнинг  бирортаси ўзлари яшаб турган микро ҳудуддан ташқарига чиқиб кетолмайди: ҳамма бир-бирига бегона бўлса-да, айни дамда ҳамма бир-бирига кўринмас иплар билан боғлаб ташлангандек.

 "Қандай яшаш керак?" деган саволга ҳаёт, тарих, динлар, маданиятлар, шахслар,  фалсафа, шароит, муҳитнинг жавоблари, талқинлари турлича. Ч. Айтматовнинг қаҳрамонлари ана шу бошқотирма жавоблар лабиринтида доимо йўл излашади.

Шуниси муҳимки, ҳар қандай давру шароитда ҳам инсон шаъни ва номига доғ туширмаслик керак, деган ғоя ёзувчи яратган аксарият характерларнинг қон-қонига сингдириб юборилган.

Турли-туман касб-корга, индивидуал ҳаёт йўлларига, характерга эга ранг-баранг оддий кишилар образининг Чингиз Айтматов насрида пайдо бўлиши, биринчидан, адабиётни реал ҳаётга янада яқинлаштирган бўлса, иккинчидан, турли миллий адабиётларда ана шундай муайян ҳаётий мақсадлар ва дардлар билан яшаётган "кичик", "кўп қатори" образлар асрини бошлаб берди.

Чингиз Айтматов Мўмин чол тимсолида давр воқелиги эзиб, абгор қилган инсон образини яратган эди. Кейинчалик романларидаги манқурт, икс зурриётлар ғарбу шарқда, шимолу жанубда кечган, кечаётган воқеликнинг бадиий умумлашмалари, назаркарда адибнинг кароматлари бўлиб қолди.

"Кассандра тамғаси"га келиб ёзувчи ўзликдан, қадриятлардан воз кечишнинг фожиали оқибатлари глобал миқёсга чиққанлигини кўрсатади. Крилтсов ўз лабораториясида ундирилган эмбрионлардан маҳкума аёлларнинг бачадонларига кўплаб икс зурриётлар, яъни ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, тоға-жиянлари ҳам, хуллас, бирорта қариндош-уруғи йўқ болалар етиштира бошлайди.

ХХ асрнинг охирги ўн йилликларида кечган тарихий жараён — бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш бош­қа онг қирралари каби бадиий адабиётда ҳам ижтимоий фикрнинг салмоғини оширди. Шулардан келиб чиқиб, Чингиз Айтматов услубидаги икки асосга эътибор қаратмоқ зарур. Қиссаларида табиат ва табиатга яқин характерлар кашф этилган бўлса, романларида жамият ва шахс­нинг ижтимоийлашиш жараёнлари кучайганлиги сезилади. Таниқли адабиётшунос И. Ғафуров Айтматов асарларидан қиёмат азобларининг фар­ёди эшитилиб туришини таъкидлайди. Чиндан ҳам, бу асарларда охирзамон аломатлари ўзининг бутун маҳобати билан гавдаланади. Шу билан бирга, ёзувчи инсон умрининг пойдорлиги ва бардавомлигига, инсоният келажагига умид билан қарайди, ана шу умидворлик энг оғир дамларда ҳам унинг қаҳрамонлари қалбига таскин ва далда беради.

Инсон иродаси ва шаънига тиклаган бадиий обидалари туфайли Чингиз Айтматовни кўпчилик илм ва ижод аҳли Алишер Навоий, Лев Толстой, Михаил Шолохов, Габриель Маркесларга қиёслашади. Бу тўғри. Чунки ҳар бир давр ўз ғояларининг ифодаси ўлароқ ана шундай мутафаккирларни тарих саҳнасига олиб чиқади.

Тасаввуф талқинига кўра, оламнинг  яратилишидан мақсад — инсон, инсоннинг яратилишидан мақсад комил инсондир. Комилликка йўл — шоду хуррамликка йўл эмас, қайғуга сафар, мусибатларга сафар. Ҳақиқий талантнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳам худди шундай — машаққат ва заҳматлардан яралади, ўзликни англаш ва тинг­лашга даъват этади, маънавий покланиш ва юксалишга чорлайди.

Чингиз Айтматов бадиияти шундай хулосалар чиқаришимизга имкон беради.

Муаллиф: Шавкат ҲАСАНОВ филология фанлари доктори, профессор

12.12.2018 207 99 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства