samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Чиллак "counter-strike"дан афзал

Чоп этиш

Халқ ўйинлари асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, халқимиз орасида юксак аҳамиятга эга бўлиб келаётган қадриятлардандир.

Уларда бобо ва момоларимизнинг эзгу орзу-истаклари, жисмонан ва маънан соғлом фарзандларни тарбиялашдаги саъй-ҳаракатлари мужассам бўлиб келмоқда, десак янглишмаган бўламиз.

Қадимдан ўзбек халқ ўйинлари шу қадар кўп бўлганки, бир ҳудуд ўйинлари бошқасиникидан фарқ қилган. Тарихий манбаларда келтирилишича, халқимизнинг миллий спорт  турлари ва миллий ўйинлари кишиларни фаолликка, соғлом турмуш кечиришга ундаган. Уларнинг сони бир неча мингдан кам эмас экан. Ўйинлар йиллар давомида шаклланиб, мукаммал ҳолга келган, маълум бир қоидалар асосида бирлаштирилиб, ҳар хил турларга ажратилган. Улар доимий ва мавсумий бўлиб, ҳатто шаҳар ва қишлоқларга, кичик ва катталарга, кундуз ва оқшомга хос характерга эга бўлган.

Барча бирдек ўйнайдиган ўйинлар билан бир қаторда, турли касб эгаларининг ҳам ўзига хос ўйинлари бўлган. Айтайлик, улоқ (кўпкари) ўйини чорвадорлар орасида кенг тарқалган. Чорвадорлар орасида улоқдан ташқари, жунтўп, чимтўп, подачи каби ўйинлар ўйналган. Шарқ халқлари орасида кенг  тарқалган човган, чимтўп ўйинлари асосида бугун халқаро миқёсда эътироф этилган чим устида хоккей спорт тури келиб чиққан, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Ўйинлар болани фаол ҳаракат қилишга, топқирликка, соғлом ва иродали бўлиб улғайишга ундайди. Айниқса, халқ сайилларида ўйналадиган кўпкари-улоқ, чиллак, қарабтеп, (ланка), бекинмачоқ, данак яшириш, жамбил, беш тош, оқ теракми, кўк терак ва бошқа кўплаб ўйинлар ана шундай муҳим аҳамиятга эга. Биргина чиллак ўйини болаларда биргаликда ҳаракат қилиш, эпчиллик, тезкорлик, чидамлилик сифатларини ривожлантиришга ёрдам беради. Қарабтеп ўйини эса болаларда жасурлик, ботирликни, координацион ҳаракатланишни тарбиялайди. Бекинмачоқ эса болаларда сезгирлик ва топқирлик хислатларини юксалтиради.

Шу ўринда қисқагина мулоҳаза. Бугун ахборот технологиялари ривожланган давр­да фарзандларимиз компьютер ва кўп функцияли алоқа воситаларидаги турли ўйинлар билан машғул бўлиб қолишди. Ҳаракатсиз ҳисобланган бу ўйинларнинг аксариятида ваҳшиёна бир-бирини ўлдириш, қурол билан ҳамла қилиш, турли техникалар воситасида "йўқ" қилиш "вазифалари" бажарилади. Бу, ўз навбатида, боланинг дийдасини қотириб, шуурини эгаллайди. Энг ачинарлиси, ўзига тобе қилиб, саломатлигига ҳам салбий таъсир ўтказади.

Айни пайтда фарзандларимиз ўртасида биз таъкидлаб ўтган миллий ўйинларни оммалаштиришимиз, ёшлар орасида татбиқ этишимиз ҳар жиҳатдан фойдали бўлади. Бу ота-оналар, устоз-мураббийлардан озгина эътиборни талаб қилади, холос. Муҳими, номоддий маданий меросларимизни асраш, уларни авлоддан-авлодга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Муаллиф: М. ЎРИНБОЕВА, вилоят ўлкашунослик музейи бўлим мудири

25.04.2018 62 31 Спорт
окна фотограф html php памятники знакомства