samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Хуш кайфият — энг самарали муолажа

Чоп этиш

Хиёбонда бир ой муқаддам ўзим даволаган бемор — Ҳикоятни учратиб қолдим.

Дастлаб кўзларимга ишонмадим: ахир, у инсультни бошидан ўтказган эди. Бир ой ичида ҳаракатида касалликдан деярли асорат қолмаганлиги мўъжиза эди!

— Очиғи, синглим сизни таниёлмай қолдим, — дедим салом-аликдан сўнг ҳайратимни ичимга сиғдиролмай.

— Аввало, Яратганга шукур, — деди Ҳикоят. — Дард берган Илоҳим шифони ҳам Ўзи бергани чин бўлсин!

— Синглим, очиқроқ тушунтириб берсангиз, — дея уни қистадим.

Оғир тин олган Ҳикоят секин гап бошлади:

— Дўхтир, биласиз оилавий шароитимиз оғир эди. Турмуш ўртоғим автоҳалокат оқибатида вафот этгач, уч фарзандим билан ёлғиз онамнинг каталакдек уйида яшашга мажбур бўлдик. Турмуш, шароитни гапирмаса ҳам бўлади. Сиқилганим туфайли инсультга учраганимдан хабардорсиз.

Ҳикоятнинг сўзлашича, инсультни ўтказгач, шаҳар ҳокимлиги, маҳалла фаоллари унинг шароитини ўрганиб, ёрдамга шошилишган. Аввало, оилага янги қурилган арзон уй-жойлардан икки хонали квартира ажратилган. Уйда барча шароитлар мавжуд. Бир умр каталакдек уйда яшайман, деган тушкун кайфиятда юрган ёлғиз она бундай эътибор ва ғамхўрликдан руҳи кўтарилди. Тез орада унинг соғлиги яхшилана бошлади. Хуш кайфият, эртанги кунга ишонч унинг вужудида ўрнашган дарднинг пайини қирққанлиги аён.

Шу ўринда ҳар қандай дарднинг илк даъвоси аъло кайфият, кўтаринки руҳ, атрофдагиларнинг меҳри эканлигини яна бир бор таъкидлаш жоиз. Беморда хуш кайфият, дарддан фориғ бўлишга ишонч бўлса, албатта, унинг соғайиб кетишига умид бўлади. Юқоридаги собиқ бемор Ҳикоятнинг соғайиб кетишида ҳам ана шу омил асосий сабаб бўлганлиги табиий ҳолдир.

Муаллиф: Муродим УМРЗОҚОВ, шифокор

26.09.2018 83 75 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства